Ҳабибнинг шогирди допинг туфайли PFL чемпионлигидан маҳрум қилинди
Спорт
−
18 Декабрь 1049 2 дақиқа
Россиялик жангчи, Ҳабибнинг шогирди Мовлид Хайбулаев допинг можароси туфайли Профессионал жангчилар лигаси (PFL)нинг ярим енгил вазн тоифасидаги чемпионлик унвонидан маҳрум қилинди. Бу ҳақда PFL матбуот хизмати хабар берди.
АҚШ Антидопинг Агентлиги (USADA) енгил вазн тоифасида мағлубиятсиз PFL чемпиони Мовлид Хайбулаевнинг допинг синовидан ижобий натижа қайд этганини эълон қилди. Бу натижа 2025 йил 1 августдаги Гран-при финалида Хесус Пинедо устидан қозонилган ғалабадан сўнг олинган тест орқали аниқланган.
Дисквалификация муддати намуна тақдим этилган кундан бошланади. 35 ёшли доғистонлик жангчи фақат 2026 йил август ойида яна PFL жангларига қайтиши мумкин бўлади.
PFL аллақачон унинг барча унвонлари ва мукофот пулларидан маҳрум қилинганини эълон қилди:
“PFL қоидалари ва регламентларига мувофиқ, Мовлид Хайбулаев 2025 йилги Жаҳон турниридан дисквалификация қилинди. Натижада у мавсум ғолиби мақомидан, чемпионлик камаридан ва барча тегишли бонус тўловларидан маҳрум бўлади”, дейилади USADA баёнотида.
Хесус Пинедога қарши кураш натижаси эса ҳали расмий белгиланмаган. Бу масала турнир бўлиб ўтган Нью-Жерси Атлетика комиссиясининг ваколатида қолмоқда.
Маълумот учун, Хайбулаев PFL’нинг энг таниқли жангчиларидан бири бўлиб, у 2021 ва 2025 йиллардаги турнирлар ғолиби ҳамда 24-0 ҳисобидаги рекордга эга эди.
Эслатиб ўтамиз, декабрь ойининг бошида WBC ташкилоти Теренс Кроуфорд бокс бўйича мутлақ жаҳон чемпиони унвонидан маҳрум этилганди. Ташкилот уни чемпионлик бадалини тўламагани сабаб камаридан маҳрум қилган эди.
Live
Барчаси“Самарқанд дарвоза”да Tahoe ёниб кетди
19 Декабрь