Ўзбекистонлик икки спортчи Осиё ўйинларидан вақтинча четлатилди
Sport
−
16:31 1614 2 minutes
Осиё ўйинларида иштирок этаётган ўзбекистонлик спортчилар Павел Эйгел ва Нодирбек Шавкатовнинг допинг-тест намунасида ман этилган моддалар аниқланди. Бу ҳақда Халқаро допинг-тест агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 23 сентябрь куни Японияда мусобақадан ташқари допинг-назорат вақтида ўзбекистонлик байдарка ва каноэда эшиш спортчиси Павел Эйгелдан намуна олинган. Унда ман этилган триметазидин моддаси аниқланган.
Триметазидин Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг (WADA) Тақиқланган рўйхатига S4 “Гормонлар ва метаболизм модуляторлари” категорияси бўйича киритилган. Ундан фойдаланиш мусобақалар пайтида ҳам, мусобақадан ташқари даврда ҳам тақиқланади. Модда специфик бўлмаган тақиқланган моддалар тоифасига киради. Триметазидин, хусусан, юрак мушакларини қон билан таъминланишини яхшилаш эвазига юрак касалликларини даволаш ва олдини олиш учун қўлланилади.
Шунингдек, 22 сентябрь куни Японияда мусобақадан ташқари допинг-назорат вақтида аралаш яккакурашлар бўйича ўзбекистонлик спортчи Нодирбек Шавкатовдан ҳам намуна олинган. Унда ман этилган мельдоний моддаси аниқланган. Мельдоний – Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг (WADA) Тақиқланган рўйхатига S4 “Гормонлар ва метаболизм модуляторлари” категорияси бўйича киритилган. Ундан фойдаланиш мусобақалар пайтида ҳам, мусобақадан ташқари даврда ҳам тақиқланади. Модда специфик бўлмаган тақиқланган моддалар тоифасига киради. Мельдоний кислород истеъмолини ошириш ва энергия алмашинувига таъсир қилиш эвазига чидамлилик ва тикланишни яхшилаб, спортдаги иш қобилиятини оширишга ёрдам бериши мумкин.
Спортчилар таҳлил натижалари ҳақида хабардор қилинган ва Бутунжаҳон антидопинг кодекси ҳамда Осиё Олимпия кенгашининг (OCA) антидопинг қоидаларига мувофиқ, суриштирув якунлангунига қадар вақтинча мусобақалардан четлатилган.
Четлатиш даврида улар Аичи-Нагоя 2026 Осиё ўйинлари доирасидаги мусобақалар, машғулотлар, мураббийлик фаолияти ёки бошқа ҳар қандай спорт фаолиятида иштирок эта олмайди. Спортчилар вақтинчалик четлатиш бўйича Спорт арбитраж судининг Антидопинг бўлимига (CAS ADD) эътироз билдириш ҳуқуқига эга. Улар, шунингдек, “B” намунаси таҳлилини ўтказишни талаб қилишга ҳам ҳақли.
Қайд этиш жоиз, Павел Эйгел Россия фуқароси ҳисобланади ва 2018 йилги Жаҳон чемпионатида бронза медаль совриндори бўлган. 2025 йилнинг майида у спорт фуқаролигини ўзгартириб, 2026 йилги Осиё ўйинларида Ўзбекистон номидан қатнашишга қарор қилган. У турнирдаги иштирокини бугун, 29 сентябр куни бошлаши кутилаётган эди. Нодирбек Шавкатов эса жорий йилнинг 21 сентябрь куни аралаш жанг санъатининг модерн йўналишида бронза медалнинг қўлга киритган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ қозоғистонлик енгил атлетикачи Ясмина Тўқсонбоеванинг 2026 йилги Осиё ўйинларида 42,195 километрлик спортча юриш марафонидаги ғолиблиги рақибларининг протести ортидан бекор қилинган эди.
Live
All