Ҳостелда ёнғин. 13 киши қурбон бўлди
3-саҳифа
−
30 Ноябрь 2023
8828Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги ҳостелда содир бўлган ёнғинда 13 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда маҳаллий матбуот ёзмоқда.
Қайд этилишича, бугун, 30 ноябрь куни соат 05:33 атрофида ёнғин хавфсизлиги бўлимига Олмаота шаҳридаги Ади Шарипов кўчасида жойлашган бинода ёнғин келиб чиққани ҳақида хабар тушган.
Биринчи ўт ўчириш бўлими воқеа жойига 7 дақиқада етиб келган.
Аниқланишича, уч қаватли тураржой биносининг 1-қавати ва ертўласи ҳостелга айлантирилган бўлиб, ёнғин айнан шу ерда содир бўлган. Ёнғиндан зарарланган жойнинг умумий майдони тахминан 30 квадрат метрни ташкил этади.
Кўрилган чоралар натижасида ёнғин соат 06:22 да ўчирилган. Ёнғинни ўчириш ва текширув ишлари жараёнида 13 киши қурбон бўлгани аниқланган. Дастлабки тахминларга кўра, улар карбон моноксит (ис гази)дан заҳарланиш оқибатида вафот этган бўлиши мумкин.
Бирламчи маълумотларга кўра, ётоқхонада 72 киши бўлган, 59 киши эвакуация қилинган.
Ёнғин содир бўлган ҳудудга ўт ўчириш хизматининг 46 нафар ходими ва Олмаота Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг 13 та техникаси жалб қилинган.
Ёнғин ва ўлим сабаблари аниқланмоқда.
LiveБарчаси