ҲАМАС гаровдаги 13 исроилликни озод қилди
Олам
−
25 Ноябрь 2023
4057ҲАМАС томонидан гаровга олинган 13 нафар исроиллик Қизил Хоч қўмитасига топширилди ва улар Ғазодан чиқиб кетмоқда. Бу ҳақда “The Times of Israel” нашри хабар берди.
Озод қилинганлар асосан аёллар ва болалардир. Бу ҲАМАС томонидан Исроил билан келишув доирасида озод этилганларнинг биринчи гуруҳидир.
“Гаровга олинганлар Миср ҳудудига ўтиши биланоқ улар ҳарбий вертолётларда Исроилга олиб кетилади”, дея аниқлик киритади BBC News.
Гаровга олинганларнинг озод қилинганини ҲАМАС ҳам тасдиқлади, Унинг баёнотида гаровга олинганлар Қизил Хочга топширилгани ва ҳозир Миср билан чегарадаги Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти томон йўл олгани айтилган.
Бундан ташқари, Таиланд Бош вазири Сеттха Тхависин ҲАМАС яна 12 нафар гаровга олинган таиландликни ҳам озод қилганини маълум қилган. Айтиш жоизки, таиландликларни озод қилиш ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги келишувнинг бир қисми эмас эди.
Эслатиб ўтамиз, 22 ноябрга ўтар кечаси бир неча соатлик муҳокамалардан сўнг, Исроил ва ҲАМАС ўртасида 4 кунлик сулҳга келишилганди. Унга кўра, 50 нафар гаровдаги шахс эвазига Исроил қамоқхоналаридаги 150 нафар фаластинлик озодликка чиқарилиши, 4 кун давомида ҳар икки томон ҳам ўт очишни тўхтатиши белгиланганди. Кеча, 24 ноябрь куни келишув кучга киргани хабар қилинди.
LiveБарчаси