Зойир Мирзаев Қибрайда ер сотиш касб даражасига чиққанини айтди

Жамият

image

Тошкент вилояти Қибрай туманининг жорий йил 2 август куни Президент топшириғи билан лавозимидан озод этилган ҳокими Мираъзам Мирқосимов тумандаги ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун жавобгарликка тортилган ёки терговга жалб қилинган бўлиши мумкин. Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг кеча, 18 август куни Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгаши сўзлаган нутқидан юқоридагиларни англаш мумкин.

Нурафшон шаҳрида бўлиб ўтган сессияда Зойир Мирзаев Қибрай ҳокими лавозимидан озод этилгач, унинг барча ўринбосарлари, ҳокимликнинг барча мансаблари ҳам бўшатилаётганини айтди.  

“Мен нима учун кеча Қибрай туманидаги сессияда бўлганимда ҳокимиятнинг ҳамма ходимини ишдан бўшатасан, дедим?! Ўринбосарларнинг ҳаммасини ишдан олдик кеча. Ходимларини ҳам олиб ташлаймиз ишдан”, дейди вилоят ҳокими.

Унинг билдиришича, бўшаган ўринларга қибрайлик ёш йигит-қизлар келади. 

У сўзида давом этаркан, Қибрайда ер сотиш, қарорларни сохталаштириш касб даражасига етганини урғулади.  

“Лекин кечирасиз-ку, ер сотишни касб қилган бўлса, қарорни “подделка” қилишни касб қилган бўлса, бугун туманнинг ҳокими шунинг учун жавоб беряпти. Ходимлар-чи? Унинг ўринбосари-чи? Ҳаммасига қонунчилик доирасида бориб, ҳаммасига жавоб берамиз”, дейди Мирзаев. 

Сессияда айтилишича, Қибрай туманида ариза ва шикоятларга жавоб бериш бор-йўғи 28 фоизни ташкил этмоқда. 

“Ариза билан шуғулланадиган ходимларнинг ҳаммасига жавоб бериб юборса бўлади. Инвестиция дастурига кирган объектнинг назорати йўқ. Мактаб ва боғчалар устидан умуман [назорат] йўқ. Ҳамма нарса гапда фақат. Биттасига тегсангиз, 90 та одам телефон қилади. Кеча телефон қилган биттасига айтдим: қўйсаларинг-чи энди, сал Қибрайни ҳокимияти ичига ҳам тоза қон, тоза ҳаво кирсин. 

Ҳокимни айбдор деяптию лекин ўша ишни қилган одамлар ўтирибди-ку ўша жойда. Улар яна нечта ҳокимни ейиши керак? Ерни сотган тумандан кадастр-падастр икки-учта ноинсофлари ҳам ўтирибди. Қаерда нима борлигини ўзи билади”, дейди Мирзаев ҳолатлар ва шахсларга аниқлик киритмай. 

Ҳоким Қибрайга бориб йиғилиш ўтказишгаа қўрқишини ҳам қўшимча қилди. 

“Мен у ерга бориб протокол билан мажлис қилишга қўрқаман. Ҳар бир варағига қўл қўйиб чиқаман. Тиқворади орасига ўзиникини. Ҳеч нарсадан қайтмайди”, дейди у. 

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг июлидан Тошкент вилояти Қибрай туманига ҳокимлик қилиб келаётган Мираъзам Мирқосимов жорий йилнинг 2 август куни Президент Шавкат Мирзиёев ўтказган йиғилишда лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини 17 август куни Оҳангарон тумани прокурори Музаффар Рашидов эгаллади.


Мақола муаллифи

Теглар

Зойир Мирзаев Мираъзам Мирқосимов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг