Зоҳид шифохонадан чиқди – Шоҳруҳ

Маданият-санъат

image

2022 йилнинг 29 сентябрь куни Тошкентнинг Юнусобод туманида ўзининг BMW русумли машинасида автоҳалокатга учраган хонанда Зоҳид Рихсиев оғир жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган ва комага тушиб қолган эди.

Декабрь ойи бошида унинг дўсти, “Уммон” гуруҳининг бошқа бир солисти Шоҳруҳ ўзининг Instagram саҳифасида Зоҳид Рихсиевнинг комадан чиққанини маълум қилган эди.

Кеча, 22 февраль куни эса Шоҳруҳ Instagram’да дўстининг аҳволи ҳақида яна маълумот берди.

Унинг айтишича, Зоҳиднинг соғлиги яхшиланиб, шифохонадан уйига жавоб берилган ва тез орада унинг автоҳалокатдан кейинги биринчи қўшиғи ҳам чиқади.

“Мендан унинг аҳволи ҳақида кўп сўрайсиз, у яхши. Уйига рухсат берилган ва уйидан туриб барча муолажаларни оляпти. Тез кунда сизларга янги клипини тақдим этади. Клипнинг суратга олиш ишлари ҳам тугади. Дуо қилишдан тўхтамаймиз, Худо хоҳласа, бундан ҳам зўр бўлиб, концертлар бериш насиб қилсин”, деган у видеода.

Бироқ Шоҳруҳнинг ушбу видеосидан кўп ўтмай, Зоҳид Рихсиевнинг рафиқаси Камола Ортиқова турмуш ўртоғининг аҳволи ҳали яхшиланмаганини айтиб чиқди.

У Шоҳруҳнинг гапларини кескин рад этган.

“Шоҳруҳ ака ойда бир марта келиб кўриб кетади. У асл вазиятни билмайди. Икром Али клип олиб берди. Бизга пул керак. Уйимизга жуда кўп ва қиммат шифокорлар келади. Зоҳид акамга ҳали қўшиқ айтиш мумкин эмас. Томоғида махсус шланг бор”, деган Ортиқова.

Шунингдек, QALAMPIR.UZ Зоҳид Рихсиевнинг дўсти ва ҳамкори билан боғланганида у ҳам хонанда уйида даволанаётгани, соғлиги анча яхшилангани ҳақида маълум қилди.

Маълумот учун, Рихсиев содир этган авария юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Мазкур моддага асосан у 10 йилгача қамалиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 14 ноябрь куни “Уммон” гуруҳининг бошқа бир собиқ хонандаси Жасур Рафиқов оғир хасталик сабаб вафот этган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Зоҳид Рихсиев Уммон гуруҳи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made