Биринчи хоним – Зироат Мирзиёева раислигидаги фонд нималар билан шуғулланади?
Бу қизиқ
−
23 Апрель 2020
19118Бироз аввал, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг рафиқаси – мамлакат биринчи хоними Зироат Мирзиёева раислигидаги “Zamin” фонди карантин сабаб қийин аҳволга тушиб қолган 5 минг аёлга беш миллиард сўм миқдорида ёрдам пулларини ажратгани ҳақида хабар берган эдик.
Бугунгача мамлакат биринчи хонимининг қандай иш билан бандлиги ҳақида расмий маълумот берилмаганди. “Zamin” фондининг расмий саҳифасида қайд этилишича, Зироат Маҳмудовна Мирзиёева ушбу фонднинг васийлик кенгаши раиси. Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказининг “Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари” кафедраси мудири, юридик фанлар доктори Лола Абдувоҳидовна Саидова эса васийлик кенгаши раисининг ўринбосари ўлароқ фаолият юритади.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳузуридаги илмий-тадқиқот институти лойиҳа раҳбари, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Зиновий Богданович Новицкий ва Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази директорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари, бош шифокор, тиббиёт фанлари доктори Абдуманноп Абдумажидович Абдуқаюмовни васийлик кенгаши аъзолари қаторида кўриш мумкин. Ушбу халқаро жамоат фонд директори лавозими Тамила Анваровна Алиевага юклатилган.
“Zamin” халқаро жамоат фондининг молиялаштириш манбалари:
• Халқаро ташкилотлар грантлари;
• Халқаро ва маҳаллий ташкилотларнинг хайрия маблағлари;
• Жисмоний шахсларнинг хайриялари.
“Бизнинг асосий мақсадимиз - мамлакатнинг барқарор ривожланишига кўмаклашиш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш”, дейилади фонд расмий саҳифасида.
Маълумот ўрнида, Зироат Маҳмудовна Мирзиёева – мутахассислиги бўйича муҳандис-иқтисодчи. У уч фарзанднинг онаси, беш набиранинг бувиси.
LiveБарчаси