Зиддият ортмоқда: 10 дан ортиқ давлат рус дипломатларига чиқиш эшигини кўрсатди
Олам
−
23 Апрель 2021
18323Жорий йилнинг ўтган даврида Европадан 10 давлат ҳамда АҚШ Россия дипломатларини мамлакатдан чиқиб кетишини талаб қилди. Бунга Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальнийнинг қамалишидан тортиб Москванинг жосуслик ва махфий маълумотларни қўлга киритишгача бўлган ҳаракатлари сабаб бўлмоқда.
Қуйида 2021 йил бошидан бери қайси давлатлар нима сабабга кўра Россия дипломатларини мамлакатдан чиқариб юборгани ҳақида сўз боради.
Латвия
Бугун, 23 апрель куни Латвия Ташқи ишлар вазири Чехия билан бирдамлик белгиси сифатида россиялик дипломатни мамлакатдан чиқариб юборишини эълон қилди.
Литва
Бугуннинг ўзида яна бир Болтиқбўйи давлати – Литва Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчихонасининг икки ходимини мамлакатдан чиқариб юборишини маълум қилди.
Эстония
Бугун, Эстония ҳам Чехия билан бирдамлик белгиси сифатида рус дипломатини мамлакатдан чиқариб юбормоқда. Россиянинг Эстониядаги элчиси Александр Петров мамлакат Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган ва унга Россия ҳарбий разведкаси 2014 йилда Чехиядаги ўқ-дорилар омборини портлатишни уюштирганлиги тўғрисидаги маълумотларга нисбатан қаттиқ норозилик билдирилган.
Чехия
Бунгача, 22 апрель куни Чехия Ташқи ишлар вазири Якуб Кулганек Россия элчихонасининг 70 нафар ходими мамлакатдан чиқиб кетишини маълум қилганди. Улар май ойининг охирига қадар Чехияни тарк этиши керак.
Бундан аввал, 17 апрель куни расмий Прага 18 нафар рус дипломатини мамлакатдан чиқариб юборганди. Расмийлар дипломатларни Россия махсус хизматларига ишлаётганликда айблаган.
Словакия
22 апрель куни Словакия Бош вазири Россия элчихонасининг уч нафар ходимини “персона нон грата” деб эълон қилди. Уларга мамлакатни тарк этиш учун бир ҳафта муҳлат берилди.
Украина
17 апрель куни Украина Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Киевдаги элчихонасининг катта дипломати 19 апрелдан бошлаб 72 соат ичида мамлакатни тарк этиши кераклигини маълум қилди. Ушбу чора-тадбирлар Санкт-Петербургдаги Украина консулининг ҳибсга олинишига жавобан амалга оширилди.
Польша
15 апрель куни Польша Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Варшавадаги элчихонасининг уч нафар ходими “персона нон грата”, деб эълон қилингани ҳақида хабар берди. Тегишли нота Россия элчиси Сергей Андреевга топширилди.
АҚШ
15 апрель куни АҚШ Россияга қарши янги санкциялар жорий қилгани билан бирга РФнинг Вашингтондаги дипломатик ваколатхонасининг ўн нафар ходимини ҳайдаб чиқаргани маълум бўлди. ОАВ хабарларига кўра, уларга мамлакатни тарк этиш учун 30 кун муҳлат берилди.
Италия
30 март куни Италияда Россиянинг Римдаги элчихонаси ходими – рус зобити жосусликда айбланиб ҳибсга олинди. У билан бирга Италия денгиз флоти капитани ҳам ушланди. Қўлга олиш операцияси италиялик офицер томонидан маълум миқдордаги пул эвазига махфий ҳужжатларни Россия элчихонаси ходимига топширилаётган пайтда амалга оширилган. Маълум қилинишича, италиялик офицер қамалган, россиялик зобит эса мамлакатдан чиқариб юборилган.
Болгария, Швеция ва Албания
Бундан ташқари, мартда Болгария, февраль ойида Швеция ва январда Албания Россия дипломатларини мамлакатдан чиқариб юборган эди. Қайд этиш керакки, бунга жавобан Москва ҳам худди шундай чоралар кўрган.
LiveБарчаси