Журналист Рамина Ягафарованинг ўлими ортидан 2 шифокор жазоланди

3-саҳифа

image

2023 йилда вафот этган “Дунё бўйлаб” телеканалининг марҳум 31 ёшли бошловчиси Рамина Ягафарованинг ўлими ортидан у жон берган хусусий клиниканинг икки шифокори жиноий жазога тортилди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.

Суд материалларида қайд этилишича, А.К. ва Ў.К. исмли ушбу тиббиёт ходимлари “Doctor Servis” МЧЖга қарашли хусусий клиникада реаниматолог шифокор бўлиб ишлаб келган.

2023 йилнинг 12 сентябрь куни Рамина Ягафарова хусусий клиникада даволанаётган онасини кўргани келиб, бетоблиги сабабли ўзи билан бирга олиб келган “Тайгерон” номли дори воситасини истеъмол қилиб, мазкур дори воситасининг реакцияси оқибатида анафилактик шок ҳолатига тушиб қолган.

Шифокор Ў.К. журналистда анафилактик шок ҳолати яққол кўриниб турганига қарамасдан унга “дори воситаларидан анафилактик реакция” ташхисини нотўғри қўйиб, дастлабки даво чораларини патогенетик йўналишга мос бўлмаган усулда олиб борган. Соғлиқни сақлаш вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги буйруғи билан тасдиқланган “Анафилактик шок билан касалланган беморларни даволаш бўйича миллий клиник протокол”да бундай беморга инсон организмининг ички аъзолари фаолиятини тикловчи “Эпинефрин” (Адреналин) дори воситаси қўлланиши тўғридан тўғри кўрсатилганига қарамасдан шифокор бепарволик билан мазкур дори воситасини қўллашни буюрмаган.

Бундан ташқари, Ў.К. Ягафаровага сўроқ остида пневмония ташхисини қўйган бўлса ҳам, ренгтен текширувлари ўтказиб, пневмония ташхиси бор ёки йўқлигига аниқлик киритмаган.

Шу каби, Ў.К. бемордаги анафилактик шок ҳолатини бартараф этиш, унинг ҳаётини сақлаб қолиш ҳамда даво усулини танлаш мақсадида аллерголог ва терапевт мутахассисларининг маслаҳатини олмасдан, келгусида турли хил анафилактик шок ташхисини бартараф этишга патогенетик йўналишига мос бўлмаган, тўғридан тўғри даволашга мўлжалланган дори воситаларидан четга чиққан ҳолда, ушбу касалликни бартараф этишга мослашмаган ҳамда қарши кўрсатмаларга эга бўлган турли дори воситалари, яъни “Гистамин-либератори” ҳисобланувчи, яъни ҳужайра ичидаги “Гистамин” моддасини қонга янада кўп миқдорда чиқиши ва анафилактик реакцияни янада кучайтирувчи қарши кўрсатмалари бўлган “Кальций глюконат” дори воситаларини ҳамда қориндаги кучли оғриқни қолдириш мақсадида таркибида “наркотик” моддаси бўлган “Промедол” дори воситасини қўллашни буюрган.

Шунингдек, Ў.К. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган Ўзбекистондаги дори воситаларининг қўлланмалари ҳақидаги “Справочник видаль” номли китобда “Натрий гидрокарбонат” дори воситаси тутқаноқ хуружини келтириб чиқаришга мойиллиги қайд этиб ўтилган бўлса-да, тўғридан тўғри анафилактик шок ҳолатида қўлланмайдиган 400 мл дозада “Натрий гидрокарбонат” дори воситасини қўллаган.

Суд ҳужжатига кўра, шифокор Ў.К. ўз касбига бепарволик ва виждонсизларча муносабатда бўлган ва бемор 12 соат вақт мобайнида қаровсиз қолиб кетган.

Иккинчи шифокор А.К. эса Ягафаровани умумий оғир аҳволда қабул қилиб олган ҳамда бош шифокор М.И. билан биргаликдаги кўрикда унга “анафилактик шок” ҳамда “қариндошлари сўзидан тутқаноқ синдроми” ташхисини қўйган. У Ягафарованинг аҳволи оғир бўлса ҳам уни анафилактик шок ҳолати бўйича даво муолажаларини олиб боришга ихтисослаштирилган муассасага кўчириш чораларини кўрмаган. Беморнинг тиббий картасига “бемор ва унинг қариндошларига ихтисослаштирилган даволаш муассасасига кўчириш таклиф қилингани, бироқ бемор ва унинг қариндошлари бунга розилик бермагани” ҳақидаги ёзувларни киритиш билан чекланган.

А.К. ҳам Ягафаровага мазкур касалликни бартараф этишга мослашмаган ҳамда қарши кўрсатмаларга эга бўлган турли дори воситалари, яъни артериал қон босимининг янада пасайишига олиб келувчи қарши кўрсатмалари мавжуд бўлган “Натрий тиосульфат” ҳамда “Кальций глюконат” дори воситаларини қўллашни буюрган. 

Ушбу икки шифокор бемор Рамина Ягафаровага тиббий ёрдам кўрсатиш давомида “Анафилактик шок билан касалланган беморларни даволаш бўйича миллий клиник протокол” талабларига зид равишда тиббий нуқсонларга йўл қўйган. Бунинг оқибатида беморнинг умумий аҳволи оғирлашган ва “тутқаноқ хуружи” юз берган. Сўнгра у юқори нафас йўллари овқат массалари билан беркилиши оқибатида механик асфиксия-аспирацион синдромидан вафот этган.

Жорий йилнинг 7 апрель куни Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида бўлиб ўтган судда ҳар иккала шифокор ҳам айбини тан олмаган. Суд ҳукми билан Ў.К. ва А.К. Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган. Уларнинг ҳар бирига 1 йил 6 ой муддатга соғлиқни сақлаш тизимида реаниматолог вазифасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Шу билан бирга, улардан солидар тартибда жабрланувчининг қонуний вакили фойдасига 334 миллион 150 минг сўм моддий зарар ундириш белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг 31 декабрь куни Рамина Ягафарованинг синглиси Диана Иртуганова Президент Шавкат Мирзиёев ва унинг ёрдамчиси Саида Мирзиёевага мурожаат қилганди. У Президент ва Президент ёрдамчисидан опасининг ўлими бўйича терговга аралашишларини сўраган. Диана Иртуганованинг сўзларига кўра, жиноят иши қўзғатилганига қарамай, тергов чўзилиб бормоқда ва ўтказилган экспертизалар “Doctor Servis” клиникаси шифокорларининг айби борлигини тасдиқлаган. У клиника эгаси собиқ футболчи Сервер Жепаров экани ва у ўз алоқаларидан фойдаланиб терговга таъсир ўтказиши мумкинлигини таъкидлаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Суд Журналист Рамина Ягафарова хусусий клиника Doctor Servis

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг