BBC журналисти Ибрат Сафо ИИБга чақиртирилди

Жамият

image

BBC Ўзбек хизмати журналисти Ибрат Сафо Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Ички ишлар бўлимига “суҳбатга” чақирилганини маълум қилди. Бу ҳақда у ўзининг Facebook`даги саҳифасида ёзди.

“Йигирма йил Лондонда BBC’да журналист бўлиб ишлаб, бугун мана мен ҳам Ўзбекистондаги Ички ишлар бошқармасига "суҳбат"га чақирилдим. Мени қидирган Чилонзор туман ИИБси ходими "Жасур" тўлиқ исм-шарифи ва рутбасини айтишдан бош тортди”, дейди журналист.

Ибрат Сафо 2017 йилдан бери Чилонзор туманида рўйхатда турмаслигини, унинг “прописка”си Лондондаги Ўзбекистон элчихонасида эканини билдирган. 

“Мени "топиш"дан аввал у икки марта 58 яшар нафақадаги ўқитувчи опамни безовта қилган ва Чилонзор “РУВД”сига келишини айтган. Мен опамга борманг дедим. Лондондан телефон қилдим”, деб ёзади BBC журналисти.

Ибрат Сафога кўра, ИИБ ходими журналист интернетда Ўзбекистон ҳақида “негатив” ёзгани учун “Президент администрацияси қошидаги оммавий ахборот воситаларини мониторинг қилувчи марказ”дан топшириқ олганини айтган. Гап 1 февраль куни Facebook`да қолдирилган қуйидаги пост ҳақида кетмоқда.

“Бир шаҳар ҳокими ўз ҳокимлиги даврида шаҳарнинг қоқ марказидаги боғни қуритиб ўрнига шахсан ўзи соққа қилиш учун диснейленд қуриши демократик давлатларда йирик сиёсий скандалга сабаб бўлиб, кўп бошлар думалаган бўларди. Лекин, Ўзбекистон бошқа мезонлар билан яшайди, албатта. Чуқурлашиб қаёққа ҳам борардингиз”, деб ёзган Ибрат Сафо постида.

Журналистнинг айтишича, ИИБ ходими “Ўзбекистон ҳукуматини обрўсизлантириш” тўғрисидаги қонун борлигига ишора қилган, бироқ бу қандай қонун эканига аниқлик киритмаган. Ибрат Сафо эса ўз постида ҳеч қандай исм-шарифлар келтирмаганини, шунчаки вазият ҳақида ёзганини билдирган.

“Жасурнинг неччи ёшлиги ё журналистика борасидаги билимини билмайман, лекин у мени "патриот" бўлмасликда айблади ва бундай постларни ёзишни тўхтатишимни буюрди. У ўзининг “патриот” эканини ҳам айтди. Айнан қандай мавзуларда ёзишим мумкинлиги ҳақида маслаҳат сўраганимда, жавоб бермади. Қачон Ўзбекистонга келишимни билишга уринганида, ундан авиачипта сўраганим ҳам негадир унга ёқмади. Энди шикоятни Ташқи ишлар вазирлигига жўнатар экан. Суҳбат BBC студиясида ёзиб олинди”, деб ёзади BBC журналисти.

Эслатиб ўтамиз, 1 февраль куни Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими, тадбиркор Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўзининг 7 та компаниясини, жумладан 2021 йилда Миллий боғ ўрнида очилган Magic City паркини ҳам сотганини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

журналист Ибрат Сафо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг