Жума намозини уйда жамоат бўлиб ўқиш мумкинми?
Бу қизиқ
−
20 Март 2020
8930Жорий йилнинг 15 март куни Ўзбекистонга коронавирус инфекцияси кириб келиши ортидан мамлакатда барча оммавий ва спорт тадбирлари бекор қилинди. Ўзбекистон мусулмонлар идораси масжидларда намоз ўқишни тўхтатиш бўйича фатво чиқарди ва ҳатто жума намозни уйда ўқишни тавсия қилди.
Жума намозини уйда жамоат бўлиб ўқиш мумкинми? Мазкур саволга Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайъати жавоб берди.
“Коронавирус туфайли бугунги жума намози ўқилмаслиги, унинг ўрнига уйда ҳар ким пешин намозини ўқиши лозимлиги муфтият томонидан эълон қилинди. Шу ўринда аҳолида жума намозини уйда жамоат бўлиб ўқиш мумкинми, деган савол туғилмоқда.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Шу кунларда аксар мусулмон юртларининг халқаро ва маҳаллий фатво уюшмалари, уламолари мўмин-мусулмонларнинг жонларини омон сақлаш учун масжидларда йиғилмаслик, хавф ўтиб кетгунча ибодатларни уйда адо этиб туриш қарорига келишган. Бунга етарлича асос борлигини ва масала жиддий эканлигини эслатишган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши фатвосида ҳам жума намози ўрнига уйда пешин намози адо этилиши айтилган.
Фиқҳий манбаларимизга мурожаат қиладиган бўлсак, жума намози дуруст бўлиши учун жума намозига давлат бошлиғи ёки унинг ўринбосари томонидан умумий рухсат (изни омма) бўлиши, жумъа намозини одамларга давлат бошлиғи ёки муфтий томондан тайинланган киши адо қилиб бериши керак. Демак, жума намозини уйда ўқилганда мана шу шартлар топилмайди, натижада намоз дуруст бўлмайди. Бу ҳақида муҳаққиқ олим Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар:
(والإِذْنُ العَامُّ) أي وشرط لأدائها الإذن العامّ لأنها من شعائر الإسلام، فيجب إقامتها على وجه الاشتهار بين الأنام،
яъни: “Жумъани адо қилиш учун умумий рухсат (изни омма) бўлиши шарт қилинган. Чунки жумъа – Ислом шиорларидан бири. Уни одамлар орасида очиқчасига қоим қилиш шарт бўлади” (“Фатҳу бобил иноя” китоби).
Бу мавзуда Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар:
الْإِذْنُ الْعَامُّ وَهُوَ أَنْ تُفْتَحَ أَبْوَابُ الْجَامِعِ وَيُؤْذَنَ لِلنَّاسِ ، حَتَّى لَوْ اجْتَمَعَتْ جَمَاعَةٌ فِي الْجَامِعِ وَأَغْلَقُوا الْأَبْوَابَ وَجَمَعُوا لَمْ يَجُزْ
Яъни: “Умумий рухсат – жомеъ масжиди очилиб, одамлар киришига рухсат бўлишидир. Ҳатто, агар масжидда бир жамоат йиғилиб, эшикни ёпиб олиб жумъа намозини ўқисалар, намозлари дуруст бўлмайди” (“Раддул муҳтор” китоби).
Эътибор берилса, бу масалада, умумий рухсат бўлмаганда, ҳатто бир жамоат масжидга кириб, ўзларича жума ўқисалар ҳам, намозлари дуруст бўлмаслиги баён қилинмоқда.
Хулоса ўрнида айтамизки, ҳозирги шароитда ҳаммамиз иттифоқ бўлиб, шариатимиз кўрсатмаларига амал қилишимиз, Аллоҳ таолонинг синов-имтиҳонларидан гўзал суратда ўтишга ҳаракат қилишимиз лозимдир. Нафл ибодатлар, тиловати Қуръон, дуо-тасбеҳлар, қийин шароитда қолганларга хайру эҳсон қилиш каби Аллоҳ таолога хуш келадиган амалларни кўпайтирайлик. Бошимизга келган синовни ҳам савоб ишлаш учун ғанимат фурсат, деб билайлик. Шоядки, Аллоҳ таоло тез кунларда фазилатли, катта жамоатларда намозларни адо қилишни насиб айласа, халқимизга хотиржамликни қайтарса. Аллоҳ таоло дунё мусулмонлари, жумладан халқимиздан турли бало-офатларни узоқ қилсин!”, дейилади фатво ҳайъати жавобида.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда беморлар 23 нафарни ташкил этмоқда.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor