ЖССТ янги коронавирус бўйича шошилинч йиғилиш чақирди
Олам
−
22 Январь 2020
6310Бугун, 22 январь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ушбу ҳолат юзасидан фавқулодда вазиятлар бўйича қўмитанинг шошилинч йиғилишини чақирмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда янги вируснинг хавфи баҳоланади. Шунингдек, у билан курашиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади.
Ҳозирда эса ЖССТ кенг жамоатчиликка бир нечта дастлабки тавсияларни бермоқда:
• қўлларингизни совун ва сув ёки спиртли аралашма билан ювинг;
• йўталганда ёки акс урганда оғзингиз ва бурнингизни тиббий ниқоб, салфетка, енгингиз ёки букилган тирсагингиз билан тўсинг;
• шамоллаш ёки грипп аломатлари бўлганлар билан ҳимояланмаган алоқада бўлишдан узоқлашинг ҳамда сизда иситма, йўтал ва нафас қисиши ҳолатлари пайдо бўлганида тиббий ёрдам олиш учун мурожаат қилинг;
• тирик маҳсулотлар сотиладиган бозорда бўлганингизда жониворлар ҳамда улар тегиши мумкин бўлган воситаларга ҳимояланмаган ҳолда тегинишдан эҳтиёт бўлинг;
• таомни, айниқса, гўштни астойдил пиширинг.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг охирида Хитойнинг Ухан шаҳрида қайд этилган янги вирус бугунга келиб, унинг яқин қўшнилари Таиланд, Япония ва Жанубий Кореяга кириб борди. Шимолий Корея эса вирус сабаб туристларга ўз чегараларини ёпиб қўйди.
Бугунгача янги вирусдан ҳалок бўлганлар сони 6 нафарга етди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги вирус сабаб чегарадаги санитар-эпидемиология пунктларида назорат кучайтирилганини маълум қилди.