Хитойдаги вирус сабаб Ўзбекистон чегарасида назорат кучайди

Жамият 5566
image

Ўтган йилнинг 31 декабрь куни Хитой ҳукумати Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)га мамлакатнинг Ухан шаҳрида номаълум пневмония эпидемияси юзага келгани ҳақида хабар қилган эди. Касалланишнинг биринчи ҳолатини денгиз маҳсулотлари сотиладиган бозор билан боғлашмоқда. Жорий йилнинг 7 январь куни хитойлик мутахассислар касаллик қўзғатувчиси коронавирус 2019-nCoV эканини аниқлашди.

20 январдаги маълумотга кўра, Хитой ҳукумати ушбу вирус келтириб чиқарган 224 та пневмония ҳолати аниқланганини расмий тасдиқлади. Мамлакат Соғлиқни сақлаш ишлари бўйича муниципал қўмитанинг хабарига кўра, бу касалликдан нобуд бўлганлар сони тўрттага етган.

Афсуски, касаллик Хитой чегарасидан чиқиб, бошқа давлатлар ҳудудларига ҳам тарқалмоқда. 20 январь куни Жанубий Кореяда коронавирус билан оғриган биринчи ҳолат аниқланди, бемор Хитой фуқароси бўлиб чиқди. Шунингдек, касалланиш ҳолатлари Таиланд ва Японияда ҳам рўйхатга олинди.

Бундан ташқари, Хитой ҳукумати пневмониянинг янги тури одамдан одамга юқишини тасдиқлади (аввал бу касаллик ушбу усулда юқмаслиги таъкидланганди). Ушбу фактнинг далили сифатида эса касалликнинг янги тури коронавирус билан касалланганлардан камида 14 нафари тиббиёт ходимларига юққани келтирилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг таъкидлашича, Ўзбекистонда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш, касалликнинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, давлат чегараси кесишган жойлардаги Санитария-карантин пунктларидан ўтаётган йўловчиларни сифатли тиббий-санитария кўригидан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилиб, пневмония ва бошқа ўткир респиратор касалликлари аломатлари аниқланган беморларни алоҳидалаш ва шифохоналарга ётқизиш чоралари кўрилмоқда.

Грипп, ЎРИ ва пневмония касалликларида гумон қилинган беморларни шифохоналарга ётқизиш учун даволаш-профилактика муассасалари тайёргарлиги таъминланди, дори-дармон ва дезинфекцион моддалар захираси яратилди.

Хитой Халқ Республикасидан келаётган йўловчилар орасида грипп касаллигининг оғир турларига, ЎРИ ва пневмония касалликларига гумон қилинган беморлар аниқланганда лаборатория ташхиси учун намуналар олиш ташкил этилмоқда. Шунингдек, мутахассислар томонидан учувчилар, борт ва темир йўл кузатувчиларининг билим савиясини ошириш мақсадида грипп, ЎРИ ва ўткир пневмония касалликларининг клиникаси, лаборатория ташхиси, профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирлар тўғрисида кенг тушунтириш ишлари ўтказилмоқда.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 157
Рейтинг: 2.9
t
×