ЖССТ қизамиқ эпидемияси хавфидан огоҳлантирди

Олам 2269
image

Дунёда қизамиқ билан касалланиш хавфи рўйхатга олинган ҳолатларнинг камайишига қарамай, ўсишда давом этмоқда. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказининг кеча, 10 ноябрь куни эълон қилинган янги ҳисоботида айтилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, 2020 йилда COVID-19 пандемияси туфайли 22 миллиондан ортиқ чақалоқ қизамиққа қарши эмлашнинг биринчи дозасини ўтказиб юборган, бу 2019 йилга нисбатан 3 миллионга кўп. Шу билан бирга сўнгги 20 йилдаги энг катта ўсиш бўлиб, касалликнинг янги ўчоқлари учун хавфли муҳит яратади. Шу билан бирга, 2019 йилга нисбатан 2020 йилда қизамиқ билан касалланганлар сони 80 фоиздан кўпроққа камайган. 

ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра, ўтган йил давомида қизамиқ касаллигини кузатиш ёмонлашган. Лаборатория текширувига юборилган намуналар сони ўн йилдан ортиқ вақтдаги энг паст кўрсаткич бўлган. 

Қизамиқнинг йирик эпидемиялари аллақачон 26 мамлакатда содир бўлган ва 2020 йилда қайд этилган барча ҳолатларнинг 84 фоизини ташкил қилган. 

“2020 йилда қизамиқ билан касалланганлар сони камайган бўлса-да, маълумотлар шуни кўрсатадики, бутун дунё бўйлаб авж олиш хавфи ўсишда давом этаётганлиги сабабли, биз “бўрон” олдидан тинчликни кўришимиз мумкин. Мунтазам иммунизация кучайтирилиши керак, акс ҳолда бизда бир ҳалокатли касалликни бошқасига алмаштириш хавфи бор”, дейди ЖССТ Иммунизация, вакциналар ва биологик препаратлар департаменти директори Кейт О’Брайен.

ЖССТ маълумотларига кўра, 2020 йилда болаларнинг атиги 70 фоизи қизамиққа қарши вакцинанинг иккита зарур дозасини олган, 95 фоиз болалар касаллик тарқалишидан ҳимояланиш учун тўлиқ эмланиши керак. Бундан ташқари, 2020 йилга режалаштирилган қизамиқга қарши эмлаш бўйича 24 та кампания COVID-19 пандемияси сабабли 23 мамлакатда қолдирилган. Натижада 93 миллиондан ортиқ одам касаллик хавфи остида қолган.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 54
Рейтинг: 2.8
Теглар
t
×