ЖССТ Ғазодаги шифохонага қилинган ҳужумдан хавотирда

Олам

image

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Бош директори Тедрос Аданом Гебреисус Ғазо секторидаги саратон касаллигини даволаш билан шуғулланадиган ягона муассасаси бўлган Турк-Фаластин Дўстлик шифохонасига уюштирилган ҳаво ҳужумининг ўта ташвишли эканини айтди. Бу ҳақда у Х’даги ўз саҳифасида ёзди.

"Ғазода саратон касаллиги даволанадиган асосий муассасага ҳаво ҳужуми уюштирилгани ҳақидаги хабар жуда ташвишли. Саратонга чалинганлар шусиз ҳам заиф, шунинг учун уларга керакли ёрдамни кўрсатиш учун ҳамма нарсани қилиш керак. Бу ҳақиқатан ҳам ҳаёт-мамот масаласидир”, деган ЖССТ Бош директори.

Қайд этиш жоизки, 30 октябрь куни Исроил армияси Ғазо секторидаги саратон касаллигига чалинганлар даволанадиган Туркия-Фаластин дўстлик шифохонасига ҳужум қилган. Шифохона директори Субҳи Суқейкнинг маълум қилишича, Ғазо Соғлиқни сақлаш бошқармасига тегишли бўлган ушбу муассаса жуда катта зарар кўрган.

"Исроил самолётлари Ғазо секторидаги саратон касаллари учун ягона шифохонани бомбардимон қилди ва жиддий зарар етказди. Бомба портлаши баъзи электромеханик тизимларнинг ишдан чиқишига сабаб бўлди, беморлар ва тиббиёт ходимларининг ҳаётини хавф остига қўйди", дейди Суқейк.

Шунингдек, у шифохонанинг учинчи қаватида содир бўлган ёнғинни ўчириш қийин бўлганини қўшимча қилган. Докторнинг айтишича, Исроил армияси шифохона атрофидаги ҳудудни бир неча бор ўққа тутган.

“Босқинчи кучлар саратон касаллигига чалинганларни дори-дармон олиш ва даволаниш учун саёҳат қилиш имкониятидан маҳрум қилиб, азобини оширибгина қолмай, шифохона атрофидаги ҳудудларни ўққа тутиб, уларнинг ҳаётини хавф остига қўйган”, дейди Субҳи Суқейк. 

Маълумот учун, Турк-Фаластин дўстлик шифохонаси Ғазо секторининг шарқида жойлашган. У Туркия томонидан 34 800 квадрат метр майдонда қурилган. 3 қаватли шифохона 180 бемор учун мўлжалланган. Унинг қурилиши 2017 йилда якунланган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 октябрь куни тунда Ғазо секторидаги “Ал-Аҳли” шифохонасига ҳам авиазарба берилган ва оқибатда кўплаб тинч аҳоли ҳалок бўлганди. 27 октябрда эса Фаластин Қизил ярим ой жамияти Ғазо сектори жанубидаги “Ал-Қудс” ва “Ал-Амал” шифохоналари ёқилғи етишмаслиги сабабли 24 соат ичида ёпилиши мумкинлигини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

ЖССТ шифохона Ғазо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made