Ғазо жанубидаги шифохоналар 24 соат ичида ёпилиши мумкин
Олам
−
27 Октябрь 2023
5305Фаластин Қизил ярим ой жамиятига қарашли Ғазо сектори жанубидаги Ал-Қудс ва Ал-Амал шифохоналари ёқилғи етишмаслиги сабабли 24 соат ичида ёпилиши мумкин. Бу ҳақда ташкилот вакили Нибал Фарсаҳга таяниб, “The Washington Post” хабар берди.
"Бизнинг Ал-Қудс ва Ал-Амал шифохоналаримиз ёқилғи тақчиллиги сабабли 24 соат ичида ёпилиши мумкин. Биз ўнлаб одамларни тез ёрдам машиналарига юклаяпмиз, имкон қадар кўпроқ қутқаришга ҳаракат қилмоқдамиз. Биз аллақачон ҳеч қандай тиббий протоколларга амал қилмаяпмиз, фақат инсонпарварлик тамойилларига амал қиляпмиз. Бизда дори-дармон, гуманитар ёрдам ва ёқилғи тугади", деган Нибал Фарсаҳ.
Қизил ярим ой жамияти вакили ҳозирда Ғазодаги шифохоналардаги вазият қандай эканини ҳам айтиб берган.
"Биз ҳар соатда юзлаб беморларни кўрамиз, лекин бошқа иложимиз йўқ. Беморлар коридорларда ётишга мажбур, реанимация бўлими учун электр энергиясини тежаш учун лифт ва кондиционерлардан воз кечишга мажбурмиз", деб қўшимча қилган Фарсаҳ.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланганди. Кейинчалик ҲАМАС ҳаракати Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади. 9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини тўлиқ блокада қилишини маълум қилди. Шу билан Ғазога электр, озиқ-овқат ва ёқилғи кириши тўхтатилди. 17 октябрь куни тунда Ғазо секторидаги “Ал-Аҳли” шифохонасига авиазарба берилиши оқибатида кўплаб тинч аҳоли ҳалок бўлди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15