ЖССТ 2022 йилда пандемияни тугатиш шартини айтди

Олам

image

2022 йил дунё давлатлари вакциналарни тарқатишдаги адолатсизлик ва тенгсизликка барҳам беришга муваффақ бўлса, коронавирус пандемиясининг сўнгги йили бўлиши мумкин. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Адҳаном Гебрейесус эълон қилди. 

Гебрейесусга кўра, коронавируснинг “omicron” штамми пайдо бўлишига “баъзи мамлакатларда вакциналарнинг ҳаддан ташқари кўп йиғилиши” сабаб бўлган. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўз фуқароларига учинчи эмлашни таклиф қилган дунёнинг бой мамлакатларини бир неча бор танқид қилган. ЖССТ раҳбарининг сўзларига кўра, бу ёндашув “omicron”нинг пайдо бўлиши учун идеал шароитларни яратган. 

“Адолат тамойили қанчалик узоқ давом этса, бу вируснинг биз олдини ҳам ололмайдиган, башорат ҳам қила олмайдиган кейинги ўзгариши хавфи шунчалик паст бўлади”, деган Гебрейесус. 

“Оmicron”нинг пайдо бўлиши дунёда касалланишнинг кескин ўсишига олиб келди, аммо дастлабки маълумотларга кўра, бу вариант касалликнинг оғир кечишига олиб келмайди ва касалланганларнинг шифохонага ётқизилиш эҳтимоли ҳам паст. 

Шунга қарамай, дунё мамлакатлари расмийларининг хабар беришича, касал ва ўзини изоляция қилишга мажбур бўлган ходимларнинг кўплиги туфайли турли давлат ва хусусий хизматлар, жумладан, ҳаво транспорти, соғлиқни сақлаш, полиция ва ўт ўчирувчилар иши тўхтаб қолган. Сўнгги кунларда “omicron” бутун дунё бўйлаб минглаб рейсларни бекор қилган. 

Гебрейесуснинг таъкидлашича, пандемиянинг уч йили давомида дунёда коронавирусга қарши кўплаб воситалар, жумладан 8,5 миллиарддан ортиқ вакциналар ишлаб чиқилган ва бу миллионлаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам берган. 

“Ушбу пандемиянинг учинчи йилига кирар эканмиз, мен бу йил у якунланишига аминман. Агар адолатсизликка барҳам берсак, пандемияга ҳам барҳам беришимиз мумкин”, деган ЖССТ раҳбари. 

ЖССТ дунёнинг барча мамлакатларида аҳолининг камида 40 фоизини эмлашни мақсад қилганди, аммо Африканинг аксарият мамлакатларида бу мақсадга эришилмаган. Энди ташкилот пандемияга барҳам бериш учун 2022 йил июлига қадар дунё аҳолисининг 70 фоизини эмлаш зарур, деб ҳисобламоқда. 

Жонс Хопкинс университети маълумотларига кўра, дунёда 288,3 миллион коронавирус ҳолати қайд этилган, 5,4 миллион киши ундан вафот этган.


Мақола муаллифи

Теглар

ЖССТ коронавирус

Баҳолаганлар

307

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг