Жиззахдаги боғчаларда ҳам 30 дан ортиқ бола овқатдан заҳарланди

3-саҳифа

image

Жиззах вилоятининг Фориш туманида жойлашган 4 та мактабгача таълим муассасаларида 30 дан ортиқ болалар оммавий равишда овқатдан заҳарланди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди. 

Маълум қилинишича, кеча, 9 октябрь куни соат 9:00 дан 16:00 га қадар бўлган вақт давомида Фориш тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 1, 3, 5 ва 7-сонли давлат мактабгача таълим муассасаларининг 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган 37 нафар тарбияланувчилари иситма кўтарилиши, кўнгил айниши, қорин оғриғи, ич кетиши ва ҳолсизлик каби шикоятлари билан туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.

Шифокорлар томонидан ўтказилган эпидемиологик суриштирув давомида мурожаат қилиб келган болалар 8 октябрь куни мактабгача таълим муассасаларида биокефир, пишлоқ ва сариёғ каби маҳсулотлар истеъмол қилгани аниқланиб, уларга анамнез ва биринчи текширувлар асосида “ўткир диарея” ташхиси қўйилиб, стационар равишда тиббий ёрдам кўрсатилган.

Аниқланишича, Жиззах вилояти санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасининг дастлабки хулосасига асосан, тумандаги 1, 3, 5 ва 7-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотларида оммавий заҳарланиш юзага келишида озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш, сақлаш, ишлов бериш жараёнларидаги санитария қоида ва нормалари бузилган.

Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Фориш туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Пискент, Бўка, Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болалар оммавий заҳарланганди. Бунинг ортидан бир нечта аутсорсинг хизматини кўрсатувчи хусусий корхоналарнинг масъул шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Болалар соғлиғидаги ўзгаришларга сифатсиз сут маҳсулотлари сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида айтилди. Мактабгача таълим ташкилотларига олиб борилган 3,2 фоизли кефир маҳсулоти Оққўрғон туманидаги цехларнинг бирида ишлаб чиқарилгани аниқланган.


Мақола муаллифи

Теглар

боғча Жиззах

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг