Жиззахда йўл ёритилмагани сабаб автоҳалокатда бола вафот этди
3-саҳифа
−
26 Июнь 2023
6119Жорий йилнинг 22 июнь куни Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида 15 ёшли ўсмир йўлни кесиб ўтаётган вақтида автоҳалокатга учраб, ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Davr” информацион дастурида маълум қилинди.
Айтилишича, жорий йилнинг 22 июнь куни соат 21:15 атрофида халқаро аҳамиятдаги М39 “Тошкент-Термиз” йўлининг Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидан ўтган қисмида 15 ёшли ўсмир ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлган. Ҳодисага йигит йўлнинг белгиланмаган қисмидан кесиб ўтгани ва ушбу йўл кечки пайт ёритилмагани сабаб бўлган.
Маҳаллий аҳолининг айтишича, йўл ёритилмагани сабаб одам ўлими билан боғлиқ бу биринчи ҳолат эмас, бундан олдин ҳам 4−5 нафар одам вафот этган.
“М-39 йўлидаги ёритиш мосламалари Ободонлаштириш бўлимининг балансида, улар хизмат кўрсатади. Техник камчиликлари бор, шунинг учун ўчиб турибди, менимча. Трансформатрлари уланган, фақат уларни ёқиш керак”, дейди туман электр таъминоти корхонаси бошлиғи Ойбек Султонов.
Ғаллаорол тумани Ободонлаштириш бўлими раҳбари Ғулом Оқмирзаев эса чироқлар ўтган йили аномал совуқ туфайли энергияни тежаш мақсадида ўчирилгани, ўшандан буён ёқилмаганини, ҳокимият рухсат берсагина ёқилишини айтган.
“Ток бўйича қарздорлик мавжуд эмас, ўтган йили аномал совуқ туфайли ўчирилган. Ўшандан буён ёқилмаган, ҳокимият рухсат берса, ёқамиз. Ходимлар билан ҳамма лампочкаларни алмаштириб чиққандик. 90 фоизи ёнади”, дейди у.
Бироқ туман ҳокимлиги қурилиш бўлими мутахассиси Саҳоб Эрманов унинг сўзларини рад этди.
“Ҳокимиятдан электр энергиясини тежаш мақсадида ўчирилсин деган буйруқ берилмаган. Ҳозир ишчи гуруҳ тузиб, масалани кўриб чиқиб, бугун бартараф этамиз”, дейди у.
Таъкидланишича, ушбу йўлнинг 8 км қисми ёритилмайди. Айтилишича, 2023 йилнинг ўзида йўлнинг шу қисмида 12 та ЙТҲ содир бўлган.
LiveБарчаси