Жиззахда ўзгалар номига кредит олган банкир 7 йилга қамалди
3-саҳифа
−
20 Июнь
5970Жиззахда ўзгалар номига кредит олиб, ўз эҳтиёжига ишлатиб юборган банк бошқарувчиси ўринбосари 7 йилга қамалди. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) хабар берди.
Қайд этилишича, Омбудсманнинг Жиззах вилоятидаги минтақавий вакилига бир гуруҳ фуқаролар ойлик иш ҳақи пластик карточкага келиб тушганда банк асоссиз равишда “кредитдан бўлган қарздорлиги учун” деб пулларини ечиб олганидан норози бўлиб, шикоят қилган.
Мурожаатчиларнинг фикрига кўра, улар “Агробанк” АТБ Арнасой филиали билан кредит шартномаси расмийлаштирган. Лекин мазкур банк филиали бошқарувчиси ўринбосари С.А. уларга қўнғироқ қилиб, ойлик маошлари камлиги сабабли кредит маблағи берилмайдиган бўлганини оғзаки хабар қилган ва ўз мансаб мавқеидан фойдаланиб, бир қатор фуқаролар номига кредит расмийлаштирган. Жумладан, мурожаатчи А.И. номига жами 18,5 миллион сўм йиллик 26,99 фоиз устама ҳақ тўлаш шарти билан 4 йил муддатга кредит олган.
Фуқаро ўзининг номига чиқарилган банк кредит картасини олишни рад этган бўлса-да, уларнинг хабарисиз ушбу карта маблағларини ўз номига очилган банк пластик карталарига ўтказишга эришиб, кредит маблағларини ўз манфаатлари йўлида ўзлаштирган.
“Жиноят ишлари бўйича Пахтакор туман судининг 2023 йил 11 апрелдаги ҳукмига кўра, С.А. Жиноят кодексининг бир қанча моддалари билан айбдор деб топилиб, банк соҳасида ҳамда бошқа ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган. Унга 7 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган. Шунингдек, айбланувчи С.А.дан жами 145 миллион сўм миқдорида моддий зарар сифатида “Агробанк” АТБ Арнасой филиали фойдасига ундириш белгиланган”, дейилади хабарда.
Шундай бўлса-да, мазкур банк филиали томонидан кредитни қоплаш учун мурожаатчилар номига СМС талабномалар келиб, пластик карталарига келиб тушган ойлик иш ҳақидан кредитларни қоплаш учун пул ундириш давом этган.
Ҳужжатлар ўрганилиб, омбудсман томонидан судга меҳнат қонунчилигининг бузилган ҳолати бўйича фуқаролар манфаатида даъво ариза киритилган. Натижада Фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро судининг 2024 йил 21 май кунидаги ҳал қилув қарори билан фуқаролар ва банк ўртасида тузилган кредит шартномалари бекор қилиниб, мурожаатчиларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
LiveБарчаси