Жиззахда отаси аёвсиз калтаклаган опа-ука болалар уйига жойлаштирилди

3-саҳифа

image

Аввалроқ, Жиззах вилоятида ота ўз болаларини аёвсиз уриб,тепиб, калтаклагани ортидан Жиноят кодексининг 110-моддаси (қийнаш) 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинганди. Ҳозирда жабрланган болалар оилавий болалар уйига жойлаштирилди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.

Билдирилишича, Шароф Рашидов туманида содир бўлган ушбу ҳодиса ортидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси масъул ходимлари ҳамда тегишли мутасаддилар зудлик билан воқеа жойига етиб борган. Вояга етмаганлар биринчи навбатда Бирламчи кўмак марказига жойлаштирилган ва улар тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилган. Тиббий хулосаларга кўра, болаларнинг саломатлиги қониқарли ҳолатда экани аниқланган.

“Вояга етмаганлар билан Шароф Рашидов тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази психологлари томонидан зарур психологик ёрдамлар кўрсатилди. Ҳозирги пайтда мазкур вояга етмаганлар болалар оилавий болалар уйига жойлаштирилган. Болаларнинг кундалик назорати таъминланиб, улар тўлиқ давлат ҳимояси остига олинди”, дейилади хабарда.

Аниқланишича, болаларининг онаси хорижда ишлаяпти ва ҳозирда уни Ўзбекистонга қайтариш  чоралари кўрилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятининг Фарғона шаҳрида яшовчи она TikTok жонли эфирида ўз фарзандини калтаклагани хабар қилинган эди. Болалар омбудсмани сўрови асосида ИИВ ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вазиятни ўрганган ва болани ҳимоялаш юзасидан ижтимоий кейс очилган. Болага зарурий ижтимоий психологик кўмак чоралари кўрилмоқда, аёл билан корректив чоралар олиб бориш давом этмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Жиззах болалар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг