Жиззахда она-бола мактаб директорлари бюджет маблағларини ўзлаштириб келгани аниқланди
3-саҳифа
−
25 Июль 2023 9433 2 дақиқа
Жиззахда бюджет маблағларини ўзлаштириб келган она-бола мактаб директорлари аниқланди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, фуқаро Ф.Б. ва бошқаларнинг Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги 14-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб йўллаган мурожаати мутахассислар иштирокида ўрганилган.
Маълум бўлишича, ушбу мактаб директори В.М. ўз хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда аслида мактабда ишламаган турмуш ўртоғи О.А.га овоз бериш оператори сифатида 2019-2023 йил 1 майга қадар 47,3 млн сўм, шунингдек, омборчи вазифасига ишга қабул қилинган фуқаро Н.Э. га 2022-2023 йил 1майга қадар 6,9 млн сўм иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ноқонуний тўлагани аниқланган. Бундан ташқари, у 2014 йилда ишдан бўшаган Д. Ҳ.га эса 2016 йилга қадар 22,9 млн сўм иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ноқонуний тўлаб, жами 77,1 млн сўм бюджет маблағларини талон-торож қилган.
Шунингдек, В.М. Зафаробод туманидаги 9-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида директор вазифасида ишлаб келаётган ўғли Р.Д. билан жиноий тил бириктириб, ўз раҳбарлигидаги мактаб ходимлари Н.Ю. ва И.Т.нинг хабардорлигисиз, уларни бир вақтнинг ўзида ўғли раҳбарлигидаги мактабда ишлагани тўғрисида сохта ҳужжатлар расмийлаштирган. Она-бола 2017-2022 йиллар давомида ушбу икки ходимга мажбурий ишланмалардан ташқари жами 69,8 млн сўм иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ноқонуний тўлаб, умумий ҳисобда 146,9 млн сўмлик бюджет маблағларини ўзлаштирган.
Ўрганиш натижаси бўйича тўпланган ҳужжатлар жорий йилнинг апрель ойида Бош прокуратурага юборилган.
Жорий йилнинг 16 июнь куни Пахтакор туманидаги 14-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят Кодексининг 167-моддаси 2-қисми “а”, “б”, “г” бандлари ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.