Жиззахда одам ўлимига сабабчи талаба жазодан озод бўлди
3-саҳифа
−
19 Июнь
9915Жиззах вилоятида бировнинг ўлимига сабабчи бўлган талаба йигит жазодан озод қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, вилоятнинг Зомин туманидан бўлган, 2001 йилда туғилган Х.У. исмли йигитга нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан Зарбдор туман судида жиноят иши кўриб чиқилган. Суд ишида йигит содир этган жиноят иши эҳтиётсизлик оқибатида келиб чиққанлиги, қилган ишидан пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлиги ҳамда ОТМ талабаси эканлиги ҳисобга олинган.
Қайд этилишича, Ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида Х.У.га қонун доирасида енгиллик берилиб, унинг хулқи ва тарбияси бир йил давомида Ёшлар иттифоқи назоратида бўлади.
“Ҳеч қандай жиноят жазосиз қолмайди, албатта. Қонунни билмаслик ҳеч кимни жавобгарликдан асраб қолмайди. Кимнинг ёки қайсидир ташкилотнинг кафиллигида озод этилди, назоратида бўлади, дегани бутунлай оқланди, дегани ҳам эмас. Энди жиноят содир этган шахс ниҳоятда эҳтиёт ва огоҳ бўлиши, қонунни умуман бузмаслиги шарт, деганидир. Акс ҳолда, эндиги жазо жуда қаттиқ бўлиши мумкин. Буни унутманг”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, юқоридаги моддага кўра, жиноят одам ўлишига сабаб бўлса, судланувчи муайян ҳуқуқдан ва етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши керак.