Жиззахда катта нашафуруш қўлга олинди (видео)
3-саҳифа
−
10:47 2687 1 дақиқа
Жиззах вилоятида 259 туп каннабис ўсимлигини томорқасида парваришлаб, сал кам 15 кг “марихуана” гиёҳвандлик моддасини уйида сақлаб келаётган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Жиззах вилоятининг Зарбдор туманида ўтказилган тезкор тадбирларнинг бирида каннабис етиштириш ва “марихуана” сақлаш билан боғлиқ ҳолат аниқланган. Тадбир давомида “Шарқ юлдузи” маҳалласида яшовчи 35 ёшли фуқаронинг яшаш хонадони ва ёрдамчи хўжаликлари холислар иштирокида кўздан кечирилган. Мазкур жараёнда ушбу шахс ўз томорқасида 259 туп каннабис гиёҳвандлик ўсимлигини етиштириб, парваришлаб келаётгани маълум бўлган.
Шунингдек, унинг яшаш манзилидан умумий оғирлиги 14 кг 400 г бўлган “марихуана” гиёҳвандлик моддаси аниқланиб, белгиланган тартибда расмийлаштириб олинган. Маълум бўлишича, ушбу фуқаро муқаддам ўғрилик қилганлиги учун жазоланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода ўз уйининг томорқасида тақиқланган гиёҳванд модда – жами 100 тупдан кўп каннабис ўсимлигини етиштириб келаётган шахслар ушланган эди.