Жиззахда айиқ икки кишини ўлдирдими? Экоқўмита изоҳ берди

Жамият 19715
image

Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилояти Зомин тумани ҳудудида айиқ икки нафар фуқаронинг умрига зомин бўлгани ҳамда жониворнинг ўзи ҳам овчилар томонидан ўлдирилгани ҳақида хабар тарқалди.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳолатга муносабат билдириб, тезкор ўрганиш ўтказилганини ва хабарлар ёлғон экани аниқланганини маълум қилди.

Қўмитага кўра, ижтимоий тармоқларда шов-шувларга сабаб бўлаётган ушбу ҳолат аслида Россия Федерациясининг Байкалорти ўлкасида содир бўлган. 

“Бу ҳақда Россия Федерацияси Амур вилоятининг Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш бошқармаси масъул ходимлари томонидан расмий муносабат билдирилган”, дейилади Экоқўмита хабарида.

Идора фуқаролардан бу каби нотўғри маълумотларга ишонмасликни сўраб, Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ  ёлғон хабарлар тарқатиш жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида эслатиб ўтган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 828
Рейтинг: 3
Теглар
t
×