Жиззахда 3 яшар қизнинг ўлимида айбдор деб топилган боғча опаларга суд ҳукми ўқилди

3-саҳифа

image

Жиззах вилояти Дўстлик туманида эътиборсизлиги туфайли 3 ёшли боланинг ўлимига сабабчи бўлган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ходимларига суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 15 февраль куни 3 ёшли қизалоқ оилавий нодавлат МТТга 18 нафар боғчага қатновчи болалар рўйхатига киритилмаган ҳолда қабул қилинган. МТТнинг 3 нафар тарбияланувчиси тарбиячи эътиборидан четда қолиб, ўзлари билмаган ҳолда боғчани тарк этган ва улардан бири, 3 ёшли қизалоқ кўлмакка тушиб кетиши оқибатида вафот этган. 

Ушбу ҳолат юзасидан Дўстлик туман судида тарбияланувчини назоратсиз қолдирган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти  ходимларига нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Судланувчи М.Ф. (аёл) Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 3-қисми ва 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми "г" бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. У Жиноят кодексининг 59 ва 61-моддалари тартибида 3 йил муддатга мактабгача ва мактаб таълими соҳасида ҳар қандай мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 4 йил 1 ой муддатга озодликдан чекланди. 

Судланувчи Т.Д. (аёл) ҳам Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан айбдор деб топилди ва унга 3 йил муддатга мактабгача ва мактаб таълими соҳасида ҳар қандай мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 4 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.  

Шунингдек, судланувчи У.А. (эркак) Жиноят кодексининг 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 1-қисми ва 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга 1 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 1 йил 6 ой муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Самарқандда 13 яшар бола оёғидан кишанланган ҳолда Damas русумли автомашина ичидан топилгани хабар қилинганди. Суд ҳукми билан болани занжирбанд қилган шахс 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. У жазони манзил-колонияда ўташи белгиланганди.

Зумрад Зарипова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Жиззах боғча опа

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг