Жисмоний шахсларга киракашлик қилишга рухсат берилади
Жамият
−
26 Март 2019
11342Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига мамлакатда таксилар фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Унга кўра, 2019 йилнинг 1 июлидан жисмоний шахсларга тўрт кишидан ортиқ бўлмаган йўловчи ўриндиқли енгил автомобилларда йўловчи ташишга рухсат берилади. Бунда улар ЯТТ сифатида электрон платформа орқали операторлар билан шартнома имзолаган бўлиши керак.
Автомобилни муайян рангга бўяш шарт эмас, ёпишадиган материаллар билан автомобиль эшикларига, капотига ва яна юкхонанинг юза қисмига такси белгилари туширилади.
Йўналишсиз такси сифатида фойдаланишга мўлжалланган енгил автомобилларнинг ижара шартномасини нотариал расмийлаштириш талаби бекор қилинади.
Ҳужжат лойиҳасида турли платформалар орқали хизмат кўратадиган юридик шахсларга ҳам талаблар белгиланмоқда. Масалан, ўз мақоми тўғрисида интернетга батафсил ахборот жойлаштириши керак бўлади. Серверлари Ўзбекистонда жойлашган бўлиши керак, солиқ ва бошқалар.
Юридик шахслар таксилари йўл ёқасидаги автотураргоҳлар, аэропортлар, вокзаллар, автостанциялар, савдо марказлари ҳамда марказий бозорлар турар жойларидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга.