Жинсий тарбия фани нега керак? Норбоева аниқлик киритди

Жамият

image

Ўтган ойда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоеванинг мактабгача таълим ташкилотлари ва умумий ўрта таълим мактабларида жинсий тарбия фани ўтилиши кераклиги ҳақидаги гапи ижтимоий тармоқларда катта баҳс-мунозараларни келтириб чиқарган эди. Ушбу фикрлар учун кўпчилик Норбоевани айблаганди ҳам. Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси кеча, 4 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишида Танзила Норбоева яна бир бор ушбу фикрлар моҳиятига эътибор қаратди. 

“Мен жинсий тарбия ҳақида гапирганимда блогер ва журналистларимиз мутлақо нотўғри тушунишди. Жинсий тарбия зарурати ҳақида гапирганимга сабаб, қизларни гинекологга, ўғил болаларни урологга олиб бориб текширтириш, шамоллаш асоратларининг олдини олиш мумкин. Ёшлигидан соғлигига қарайдиган бўлсак, бепуштликнинг олдини олса бўлади”, дейди Норбоева.

Сенат раиси сўзида давом этар экан, ажримлар кўпайишида фақат Маҳалла ва Ички ишлар вазирлигини айбдор қилавермай, масаланинг асосий сабабларини бартараф қилиш кераклиги ҳақида гапирди.

“Ўзбекистонда ажримларнинг 15 фоизи бепуштлик оқибатида бўляпти. Бунда нафақат аёлларнинг, балки эркакларнинг ҳам бепуштлиги бор. Эркаклар шифокорга боришга уялади. Иккинчи ёки учинчи аёлга ҳам уйланади. Лекин боласи бўлмайди. Айб ўзида, аммо даволанишни истамайди. Ажримлар кўпайишида фақат Маҳалла вазирлигини айбдор қиламиз. Баъзида Ички ишлар вазирлиги ҳам айбдор бўлиб қолади. Лекин масаланинг асосий сабабларини бартараф қилиш керак”, дейди Сенат раиси. 

Танзила Норбоева болалар боғчасидан тортиб, то олий таълимгача жинсий тарбиядан таълим берилиши кераклиги ҳақида гапирганди. Бу эса ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда 2020 йилнинг январь – сентябрь ойларида ФҲДЁ органларида жами 19 970 та оилавий ажрим қайд этилган. Йиллар кесимида ушбу кўрсаткич қуйидагича бўлган: 

  • 2017 йилда 23,6 минг;
  • 2018 йилда 23,8 минг;
  • 2019 йилда 23,6 минг.

Январь – сентябрь ойларида ФҲДЁ органларида қайд этилган ажримлар сони бўйича Тошкент шаҳри – 2746 та, Андижон – 2271 та, Тошкент – 2074 та, Самарқанд – 2058 та ва 1988 та билан Фарғона вилоятлари юқори ўринни эгаллаган.
 
Республика бўйича 9 ойда энг кам ажрим ҳолатлари Навоий (669 та) вилоятида қайд этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Танзила Норбоева Жинсий тарбия

Баҳолаганлар

407

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг