Божхона қонунларини бузганлик учун енгиллик киритилмоқда

Жамият 2381
image

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча киритилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг тегишли Қонун лойиҳасида келтириб ўтилган. 

Лойиҳага асосан ҳужжат тасдиқлангач Жиноят кодексининг 182-моддаси қуйидагича шаклга келади: 

Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш

Божхона назоратини четлаб ёки божхона назоратидан яшириб ёхуд божхона ҳужжатлари ёки воситаларига ўхшатиб ясалган ҳужжатлардан алдаш йўли билан фойдаланган ҳолда ёки декларациясиз ёхуд бошқа номга ёзилган декларациядан фойдаланиб, товар ёки бошқа қимматликларни кўп миқдорда Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан ўтказиш, шундай ҳаракат учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, —

энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш:

а) жуда кўп миқдорда;

б) чегарани бузиб ўтиш, яъни божхона хизматининг розилигини олмасдан туриб, товар ёки бошқа қимматликларни Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан очиқдан-очиқ ўтказиш йўли билан;

в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб;

г) хизмат лавозимидан фойдаланган ҳолда содир этилган бўлса, —

энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш жараёнида, ушбу моддада назарда тутилган жиноятни биринчи марта содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда ихтиёрий равишда божхона тўловларини, шу жумладан божхона тўловлари ўз вақтида тўланмаганлиги учун пеняни тўлиқ тўлаган, етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган ва товарларнинг божхона расмийлаштирувини амалга оширган бўлса, жавобгарликдан озод қилинади, Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтилиши чекланган ва тақиқланган товарларни олиб ўтиш билан боғлиқ ҳоллар бундан мустасно.

Шаҳноза Тўрамуротова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 36
Рейтинг: 3.1
t
×