Жиноят ишларини судда кўриш бўйича бир қатор ўзгаришлар юз беради
Жамият
−
11 Август 2020
5636Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолагани ҳақида хабар берган эдик.
Ушбу фармон билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Адлия вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказининг жиноят ишларини судда кўришни янада такомиллаштириш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи таклифларига розилик берилмоқда:
- агар суд тергови вақтида судланувчининг унга илгари айблов қўйилмаган жиноятни содир этганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса, судланувчини янги айблов бўйича жиноий жавобгарликка тортиш асосларини аниқлаш ҳақида илтимосномани судга киритиш ҳуқуқи иш бўйича барча тарафларга берилади;
- агар суд тергови вақтида жавобгарликка тортилмаган шахс томонидан жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса, ушбу шахсни ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш учун асосларни аниқлаш ҳақида илтимосномани судга киритиш ҳуқуқи иш бўйича барча тарафларга берилади;
- шахсга эълон қилинган айблов, жиноят иши суднинг қайси инстанциясида кўрилаётганлигидан қатъи назар, ярашув институти доирасига тушадиган Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси Махсус қисмининг моддаси ёки қисмига ўзгартирилган ҳолларда ярашув институтини қўллаш тартиби жорий қилинади;
- судланувчининг жиноят содир этилишига дахли бўлмаганлиги асоси билан оқлов ҳукми чиқарилган ҳолларда жиноятни ҳақиқатда содир этган шахсни аниқлаш ва айбланувчи тариқасида ишга жалб қилиш учун жиноят ишини прокурорга юбориш тартиби ўрнатилади.
Фармонда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Адлия вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази билан биргаликда икки ой муддатда юқори назарда тутилган масалалар юзасидан тегишли қонун лойиҳасини қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиши белгиланди.
LiveБарчаси