Жиддий огоҳлантириш: дунё бўйлаб вабо авж олмоқда
Саломатлик
−
06 Октябрь 2023
18678Жорий йилнинг ўтган 9 ойида дунё бўйича вабо билан касалланганлар сони 582 мингдан ошди, 4,5 мингдан ортиқ киши вафот этди. Бу ҳақда кеча, 5 октябрь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан эълон қилинган ҳисоботда маълум қилинди.
Ҳисоботда жорий йилнинг январь ойидан бери вабо 29 та давлатда кенг тарқалаётгани қайд этилган. Мутахассислар дунёда мазкур касалликнинг кейинги тарқалиш хавфини жуда юқори, деб баҳоламоқда.
“2023 йилда вабо билан касалланганлар сони ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичлардан ошиб кетди, 15 сентябрдаги маълумотларга кўра, касалликнинг 582 219 та юқиш ҳолати ва 4 543 та ўлим қайд этилган”, дейилади ЖССТ ҳисоботида.
Ташкилот дунё миқёсида инсон ҳаётига хавф соладиган эпидемиялар тобора кўпайиб бораётгани ва уларнинг географик тарқалиши, вакцина ва бошқа ресурсларнинг етишмаслигини ҳисобга олган ҳолда ушбу глобал даражадаги хавфни жуда юқори, деб баҳоламоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, касаллик, айниқса, Африка мамлакатларига катта таъсир кўрсатмоқда. Йил бошидан буён қитъанинг 16 давлатида вабо қайд этилган. Унинг авж олиши асосан Бурунди, Конго, Зимбабве, Камерун, Малави, Мозамбик, Эфиопия ва бошқа давлатлар ҳудудига тўғри келади.
Вабода шубҳа қилинган беморлар сони бўйича Афғонистон энг юқори ўринда турибди (159 минг нафарга яқин). Шунингдек, касаллик Сурия (120 мингга яқин), Гаити (62 мингдан ортиқ), Малави (58 мингдан ортиқ), Конго (36 мингга яқин) ва Эфиопия (23 мингдан ортиқ) каби мамлакатларда ҳам кенг тарқалмоқда.
Маълумот учун, вабо Вибрион вируси қўзғатадиган ўта хавфли юқумли касалликлардан бири ҳисобланади. Патоген организмга ифлосланган озиқ-овқат ёки сув орқали кирганда пайдо бўлади ва ривожланади. 2022 йилда дунё бўйлаб вабо билан касалланганлар сони 472 697, 2021 йилда эса 223 370 нафарни ташкил этган.