Женнифер Лопес руҳий касалликка чалинишига бир баҳя қолганини айтиб берди

Маданият-санъат 7485
image

Жаҳон эстрадаси юлдузи Женнифер Лопес ўзининг “OnTheJLo” веб-сайтида ёзган хабарида бир вақтлар у руҳий касалликка чалинишига бир баҳя қолганини эслади. 

Жаҳон эстрадаси юлдузининг қайд этишича, илк юлдузлик йилларида у ўзини “Енгилмас” деб ҳисоблаган ва буни исботлаш йўлида бор диққат-эътиборини ижодга қаратгани натижасида руҳий муаммолар билан юзма-юз келган.

“Мен у вақтда 20 ёшда эдим, ўзимни енгилмасдек ҳис қилардим. Бор вужудим билан ишга шўнғиган эдим: куни билан суратга олиш майдончаларида бўлардим, тунни овоз ёзиш студиясида ўтказардим. Дам олиш кунларида эса зиёфатларга борардим. Ана шу вақтда мен бир кун давомида ўртача уч, кўпи билан беш соат ухлаганман”, дейди Женнифер Лопес.

Ҳаддан ташқари катта юклама ва босим натижасида у саросимага тушиб қолгани, ҳатто, ақлдан озишига бир баҳя қолганлигини яширмади.

“Бир куни сурункали уйқусизлик ва доимий стресс ўзини кўрсатди. Кутилмаганда мен ваҳима ва саросима исканжасида қолдим, мен ўзимдаги руҳий жараёнлар нима деб номланишини ҳам билмасдим. Бу хуруж оқибатида жойимдан қимирлай олмадим, кўз олдим қоронғилашиб кетди, бу жуда қўрқинчли эди. Мени шу аҳволда кўрган тансоқчи зудлик билан шифокорга олиб борди. Биз шифокор ҳузурига келганимиздан кейингина тилим сўзга кирди. Эҳтимол мен ақлдан озаётгандирман, деган хаёл менга тинчлик бермади”, деган хонанда.

Айнан шу воқеа сабаб у турмуш тарзини ўзгартириши кераклигини тушуниб етган.

“Ўша пайтда мен ўз соғлиғимга мутлақо эътиборсиз эдим ва танамнинг сигналларини аҳамиятсиз қолдирардим. Аммо бу воқеадан кейин мен ўз соғлиғим учун курашни бошладим”, дея сўзларига якун ясайди қўшиқчи. 

Женнифер Лопес бундай оғир ҳолатдан уч қоидага амал қилиш орқали чиқиб кетганига урғу берди. У кунига камида етти соатдан ухлаган, кофеиндан воз кечган ва ҳар куни спорт билан шуғулланишни бошлаган.

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 24 июль куни 53 ёшни қаршилайдиган Женнифер Лопес ижодий фаолиятини 1986 йилда бошлаган. У нафақат хонанда, балки актриса, раққоса, продюссер ва тадбиркор. “Forbes” журнали 2020 йилда Женнифер Лопеснинг молиявий ҳолатини 150 миллион долларга баҳолаган.

Улуғбек Худойберганов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 180
Рейтинг: 2.9
t
×