ЖЧ-2026 иштирокчилари сони 34 тага етди
Спорт
−
18 Ноябрь 1950 2 дақиқа
Кеча, 17 ноябрь куни 2026 йилги FIFA Жаҳон чемпионати саралаш баҳсларида Германия ва Нидерландия терма жамоалари навбатдаги ўйинларида йирик ҳисобдаги ғалабаларни қўлга киритиб, турнир финал босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Германия терма жамоаси саралаш босқичи “А” гуруҳининг сўнги турида Словакия устидан 6:0 ҳисобидаги ғалаба қозониб, Жаҳон чемпионати йўлланмасини расмийлаштирди. Учрашувда дастлаб Ник Вольтемаде ҳисобни очган бўлса, Серж Гнабри орадаги фарқни оширди. Лерой Сане эса танаффусгача кетма-кет икки гол урди. Иккинчи бўлимда Ридле Баку ва дебютант Ассан Уэдраого гол уриб, якуний натижани 6:0 кўринишига етказди. Шу тариқа 2014 йилги жаҳон чемпионлари кетма-кет 19-марта турнирнинг финал босқичида иштирок этадиган бўлди. Словакия эса энди мундиаль йўлланмаси учун плей-оффда кураш олиб боради.
Нидерландия эса Амстердамда Литвани 4:0 ҳисобида мағлуб этиб, мундиаль йўлланмасини қўлга киритди. Учрашувда дастлаб Тиджани Рейндерс ҳисобни очган бўлса, Коди Гакпонинг пенальтидан урган голи, шунингдек, Хави Симонс ва Дониелл Маленнинг якуний голлари билан Нидерландия йирик ҳисобдаги ғалабани таъминлади. Литва эса ушбу мағлубият билан саралаш “Г” гуруҳида сўнгги поғонани эгаллади. Шу тариқа, ЖЧга йўл олган жамоалар сони 34 тага етди. Яна 14 та йўлланма қолди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жаҳон чемпионати саралаш босқичи доирасидаги ғалабалардан сўнг Норвегия 1998 йилдан бери илк бор, Португалия эса кетма-кет 7-марта мундиалга автоматик равишда йўл олган эди.