Жаслиқдаги қамоқхонада неча киши вафот этган?
Бу қизиқ
−
06 Август 2019
22688Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 2 августда имзолаган “Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 19-сон ихтисослаштирилган Жазони ижро этиш колониясини тугатиш тўғрисида”ги қарори билан фаолияти тугатилган Жаслиқ колониясида 20 йил давомида қанча маҳбус вафот этган. Бу ҳақдаги савол билан Ички ишлар вазири ўринбосари Баҳром Одиловга юзланилди.
“Бу бўйича ҳам ҳозир менда маълумот йўқ. Жазо муддатини ўташ жараёнида жиноят содир этган шахс ёш ёки қари бўлиши мумкин. Орасида касалликка чалинганлар бўлиши мумкин. Сурункали касалликлар ёки юрак ҳуружи каби табиий ўлим ҳолати юз берган бўлиши мумкин”, дейди вазир ўринбосари.
Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғироқ тумани Жаслиқ қўрғонида жойлашган қамоқхона 1999 йилда рўй берган 16 февраль воқеаларидан кейин ташкил этилган. Бу ерда асосан оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этган маҳбуслар сақланган.
1100 ўринга мўлжалланган қамоқхонада айни вақтда 395 киши сақлаб келинмоқда. Уларнинг 10 фоизини диний экстремистлар ташкил этади. Хўш, уларнинг тақдири нима бўлади? Вазир ўринбосари бу саволга қуйидагича жавоб берган:
“Бизда ажратиш бўлмайди. Улар қандай жиноят содир этганидан қатъи назар, бир ой муддат ичида қамалгунга қадар яшаш жойига яқинроқ бўлган жойга ўтказилади. Аммо фақат суд томонидан белгиланган режим бўйича. Ҳамма нарса инобатга олинади, яшаш жойи ҳам, бошқаси ҳам. Бу ўринда диний экстремизм ёки бошқа жиҳатлар инобатга олинмайди”.
Жаслиқ халқ тилида “борса келмас” дея ном олган. Халқаро кузатувчилар, инсон ҳуқуқлари фаоллари Ўзбекистондаги бу қамоқхонага кирган маҳбус қайтиб чиқиши амри маҳол эканини айтади. Унда энг узоқ муддат ўтаган маҳбус ким? Бу ҳақдаги саволга вазир ўринбосари шундай деди:
“Қонунан гапирадиган бўлсак, жазони ижро этиш тизими уни қанча ўташни белгиламайди. Бундай қарор суд томонидан қабул қилинади ва ўша муддат жазони ижро этиш муассасида ўталади. Қонунчиликда белгиланган тартибда. Жаслиқда энг кўп муддат ўтаган маҳбус ҳақида ҳеч қандай маълумот бера олмайман. Ҳозир менда бундай маълумот йўқ”.
Президент қарорига мувофиқ, Жаслиқдаги қамоқхонада сақланаётган маҳбуслар бир ой муддат ичида қариндошларига яқин бўлган ҳудудлардаги жазони ижро этиш колонияларига кўчириладилар.
LiveБарчаси