Жаслиқда 16 февраль воқеаларига алоқадор маҳбуслар борми?
Жамият
−
05 Август 2019
103821999 йилнинг 16 февраль куни Тошкентда рўй берган қўпорувчилик ҳаракатларини ўзбек халқи яхши эслайди.
Тошкент осмонини қора тутун қоплаган ўша мудҳиш кундаги террорчилик ҳаракатлари фақатгина мамлакатнинг конституциявий тузумига қарши ҳаракат эмас, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовга суиқасд ҳам эди.
Шу куни пойтахт Тошкентнинг турли ҳудудларида, жумладан Мустақиллик майдони, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий банк бинолари ёнида 6 та кучли портлашлар юз берган. Уларда 16 нафар киши қурбон бўлган, 100 дан ортиқ одам жароҳатланган.
Ушбу воқеалардан кейин, Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани, Жаслиқ қўрғонида янги қамоқхона ташкил этилди. Бу ерда оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этган, узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган шахслар сақланган. Йиллар давомида у халқ орасида “борса келмас” дея ном олди.
Халқаро ҳамжамиятда қоралаиб келинган ушбу қамоқхона ташкил этилганидан 20 йил ўтиб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 2 августдаги қарори билан тугатилмоқда.
Ушбу қамоқхона 1100 ўринга мўлжалланган бўлиб, унда 395 нафар маҳбус сақланмоқда. Улардан 10 %и диний экстремизмда айбланиб, озодликдан маҳрум этилганлар. Хўш, улар орасида 1999 йил 16 февраль воқеалари айбдорлари ҳам борми? QALAMPIR.UZ мухибири ушбу савол билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари Баҳром Одиловга юзланди.
Одилов қамоқхонада бунча узоқ муддатни ўтаётган, хусусан 1999 йил 16 февраль воқеаларига алоқадор маҳбуслар йўқлигини айтди.
Матбуот анжумани нега ташкил этилганини билолмадик. Вазир ўринбосари журналистлар савол беринглар деб юзланди, бироқ саволларга аниқ жавоб бергани йўқ.
Масалан:
— Битта одам 16-20 йиллаб ўтирмаган, дедингиз. Аммо чиқиши яқин қолганда қайсидир айблов билан муддат қўшиб берилгани ҳақида хабарлар бўлиб турарди.
— Сиз аниқ исм-фамилия беринг, биз аниқ жавоб берамиз. Мавҳум саволларга жавоб беришни истамаймиз.
Эслатиб ўтамиз, 16 февраль воқеаларига алоқадорликдла гумон қилинган охирги шахс ўтган йили ДХХ томонидан амалга оширилган қидирувда қўлга олинган эди. У Туркистон Ислом ҳаракати, кейинчалик Ислом жиҳоди иттихоти Халқаро террористик ташкилотлар аъзоси ҳисобланган ўзбекистонлик Зокир Раҳимов бўлган. У Туркиянинг Истанбул шаҳрида қўлга олинди ва Ўзбекистонга экстрадация қилинди.
2000 йилдан буён қидирувда бўлган Раҳимов 1999 йил 16 февраль воқеаларига алоқадор сифатида кўрилган.
LiveБарчаси