“Жаслиқ”даги айрим маҳбуслар учун алоҳида колония қурилади – Жамшид Султонов
Жамият
−
17 Октябрь 2019
13921Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 19-сон ихтисослаштирилган Жазони ижро этиш колониясини тугатиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди. Тугатилган “Жаслиқ” қамоқхонасининг умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган маҳбуслари учун алоҳида колония қуриш режалаштириляпти. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги бошқарма бошлиқлари билан ўтказилган брифингда Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Жамшид Султонов маълумот берди.
QALAMPIR.UZ мухбири Феруза Нажмиддинова Президент қарорида “Жаслиқ”даги маҳбусларни кўчириш учун белгиланган 1 ой муддат ўтиб кетганини айтиб, колонияда жазо ўтаётганлар тақдири нима бўлгани ҳақида нега жамоатчиликка маълумот берилмаганини сўради.
Мазкур саволга Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Жамшид Султонов жавоб берди.
“Президентимиз қарорида 19-сон Жазони ижро етиш калониясини тарқатиш белгиланган эди. Жаслиқ калониясининг умумий тартибли участкасида жазони ўтаётган 385 нафар маҳкум, қарор чиққанидан сўнг 15 кун муддат ичида сақлаш ва жазо турига моc равишда иложи борича маҳкумнинг қамалгунга қадар яшаган жойига яқин бўлган калонияларга ўтказилди. Бу масалада маълумот берилмади дейиляпти, амалдаги қонунчиликка кўра маҳкумни бир муассасадан иккинчи муассасага ўтказилганда, фақат унинг яқин қариндошларига унга нисбатан ҳукм чиқарган судга хабар берилади. Қарор ижросида ҳам маҳкум жазони ижро этиш муассасаларига жойлашиб бўлганидан кейин қўшимча ахборот берилсин деган банди бўлмаганлиги учун, қарор билан белгиланган муддат доирасида бир ой ичида ҳамма маҳкумни жазони ижро этиш муассасаларига тақсимланди”, деб жавоб берди бошқарма бошлиғи.
Жамшид Султонов сўзида давом этиб, “Жаслиқ”даги умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган маҳкумлар тақдири ҳақида маълумот берди.
“Ҳаммамизга маълум “Жаслиқ” калонияси ёнида умрбод озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазога ҳукм қилинган маҳкумлар сақланадиган алоҳида жазони ижро этиш муассасаси мавжуд эди. Мазкур жазо муддатини ўташ шарти ва талаблари бошқа маҳкумлардан фарқланиши, яъни умрбод қамоқ жазосини ўтаётган маҳкумлар умумий қаттиқ ёки маҳсус тартибли жазони ижро этиш муассасасида сақланаётган маҳкумлардан шартли равишда кун тартиби бўйича фарқли бўлгани учун ҳозир алоҳида жазони ижро етиш калонияси қурилиш иши бўйича топшириқ берилган. Колония алоҳида қурилиб ишга тушгандан кейин умрбод озодликдан махрум қилиш тариқасидаги жазони ўтайдиган махкумлар шу калонияга ўтказилади. Яна бир мартта шуни тушунтириб айтиш керак, умрбод қамоқ жазосини ўташ тўғрисида гап кетмоқда. “Жаслиқ” колониясининг кўплаб чет эл ташкилотлари томонидан эътироз билдирилган умумий тартибли участкаси бўйича муаммо йўқ уларни ҳаммаси жазони ижро етиш муассасаларига сақлаш тури бўйича тарқатиб юборилди”, деди Жамшид Султонов.
Эслатиб ўтамиз, “Жаслиқ” колониясининг тугатилиши ҳақидаги Президент қарорини кўплаб халқаро ташкилотлар маъқуллаб чиққанди. Жумладан, Human Rights Watch ва БМТнинг Ўзбекистондаги вакиллари бу қарорни олқишлаганди.
LiveБарчаси