“Жарликдан чекинишнинг айни вақти”. Гутерриш Путиннинг қарорини қоралаб чиқди
Олам
−
30 Сентябрь 2022
7732Россия Федерациясининг босиб олинган Украина ҳудудларини аннексия қилиш ҳақидаги ҳар қандай қарори ноқонуний ҳисобланади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш шундай фикр билдирди.
“Украинанинг Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятларини аннексия қилиш бўйича ҳар қандай қарор бекор бўлади ва қоралашга арзийди”, дейди Гутерриш.
Унинг сўзларига кўра, Россиянинг бундай қарори халқаро ҳуқуқ қоидаларига тўғри келмайди ва хавфли эскалацияни келтириб чиқаради.
“(Бундай қарорга) замонавий дунёда ўрин йўқ ва қабул қилиб бўлмайди”, дея қўшимча қилди БМТ раҳбари.
Унга кўра, Кремль Москвада Украина вилоятлари – Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожьени аннексия қилиш жараёнини бошлайдиган маросим бўлиб ўтишини маълум қилди. Гутерриш бу вазиятда БМТ Низомини ҳимоя қилиш унинг Бош котиб сифатидаги бурчи эканлигига ишончи комил.
“БМТ Низомида эса куч ишлатиш билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш йўли билан бир давлат ҳудудини бошқа давлатга қўшиб олиш БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқ тамойилларини бузиши аниқ қайд этилган”, дейди Гутерриш.
Унинг қайд этишича, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг позицияси аниқ, БМТ томонидан қабул қилинган резолюцияларга мос келади ва Украинанинг халқаро миқёсда тан олинган чегаралари доирасидаги суверенитети, бирлиги, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигига содиқдир.
“Таъкидламоқчиманки, “референдум” деб аталмиш ҳодиса ишғол қилинган, фаол қуролли тўқнашув давом этаётган ҳудудларда, Украинанинг қонуний ва конституциявий назоратидан ташқарида, Россия босиб олган ҳудудларда бўлиб ўтди. Улар аҳолининг ҳақиқий иродасини акс эттира олмайди”, дейди Бош котиб.
БМТ раҳбарининг сўзларига кўра, Россиянинг аннексия бўйича ҳар қандай қарори “тинчлик истиқболларини янада бузади” ва глобал иқтисодиёт, айниқса, ривожланаётган мамлакатлар учун салбий оқибатларни кучайтиради. Бундай қарор, БМТнинг Украина ва ундан ташқарида ёрдам етказишига тўсқинлик қилади.
“Ҳозир жарликдан чекинишнинг айни вақти”, дейди Гутерриш.
Унинг таъкидлашича, бугунги кунда “бу бемаъни ва бузғунчи уруш”ни тугатиш, БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 30 сентябрь куни Путин Украинанинг Донбасс минтақасидаги тан олинмаган Донецк ва Луганск халқ республикалари ҳамда Херсон ва Запорожье вилоятларини Россияга қўшиб олиш ҳақидаги шартномаларни имзолаши кутиляпти.
LiveБарчаси