ЖАР Президентининг қўриқчилари ўтирган самолёт Польшада тўхтатилди
Олам
−
17 Июнь 2023
14234Жорий йилнинг 15 июнь куни Варшава аэропортида Жанубий Африка Республикаси Президенти Сирил Рамафосанинг хавфсизлик хизмати ходимлари бўлган самолёт тўхтатилди. Ушбу чора Польша томони талаб қиладиган стандарт кириш тартиб-қоидаларига риоя қилмаслик натижасида қўлланилган. Бу ҳақда Польша Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби хабар берди.
“Самолёт бортида Жанубий Африка вакиллари томонидан олиб киришга рухсат берилмаган хавфли материаллар бўлган. Бундан ташқари, самолёт бортида аввалроқ Польша томонига хабар берилмаган одамлар бор эди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Польша Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ЖАР Президенти Рамафосанинг Польшага ташрифига муносиб тайёргарлик кўриш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширганини маълум қилган. Унга кўра, уч марта маслаҳат учрашувлари ўтказилган, Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари Жанубий Африка делегацияси ҳамда Варшавадаги ЖАР элчихонасининг Жанубий Африка тайёргарлик гуруҳи билан доимий алоқада бўлган.
Эслатиб ўтамиз, Рамафоса 15 июнь куни Польшага, сўнг Киевга келди ва Украина Президенти Владимир Зеленский билан учрашди. Украинага ЖАР Президентидан ташқари, Замбия, Комор ороллари иттифоқи, Сенегал ва Миср раҳбарлари, шунингдек, Конго Республикаси ва Уганда раҳбарларининг махсус вакиллари ҳам ташриф буюрди. Улар Киевдан кейин Москвага бориши кутилмоқда.
LiveБарчаси