Жапаров жиянининг дабдабали “Marry me” маросими учун халқдан узр сўради (видео)

Олам

image

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров жияни Лаззат Нуркожоеванинг унаштирув маросимида мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вертолётидан фойдаланилгани учун узр сўради. Бу ҳақда у “Кабар” агентлигига изоҳ берди.

Гап шундаки, 24 июнь куни Қирғизистондаги Оруу-Сай дарасида 23 ёшли Лаззат Нуркожоеванинг “Marry me” маросими бўлиб ўтган. Маросимдан олинган видеони Нуркожоеванинг ўзи Instagram'даги саҳифасига жойлаштирган. Видеода бўлажак келин-куёв дарага ФВВга тегишли бўлган вертолётда учиб келгани, у ерда ҳашаматли қилиб безатилган платформага кўтарилганини кўриш мумкин.

Мазкур ҳолат ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг кескин танқидларига сабаб бўлди, улар Нуркожоевани оилавий алоқаларидан фойдаланишда айблади.

Қайд этиш жоизки, Қирғизистон ФВВ вертолётларни расман ижарага беради. Вертолётнинг бир соатлик ижара нархи – 185 минг сом (2150 доллар атрофида). Президент Жапаров эса ўз изоҳида вертолётларни ижарага беришдан келадиган пуллар бюджетга тушишини, бу пуллар эвазига ФВВ вертолёт парки янгиланишини урғулади. Шу билан бирга, у ўз оиласи аъзолари пул сарфлашда ўзини тийиши лозимлигини қайд этиб ўтган.

“Мамлакат раҳбариятига яқинлар бошқаларга ўрнак бўлиши керак. Мен исрофгарчиликка чек қўйиш лозимлиги ҳақида кўп такрорлайман. Ҳеч бўлмаганда, бўлажак куёв мени қўллаб-қувватлаб, қўлни бундай сўрашдан олдин ўйлаши керак эди. У танқидга учрамасликка, Президентни ноқулай ҳолатда қолдирмасликка ҳаракат қилиши керак эди. Ўйлайманки, у ёшлик қилган. Агар у келиб, унинг қўлини оддийгина сўраганида ҳам уни рад қилишмасди”, деган Жапаров.

Шунингдек, Жапаров яқинларига қаттиқ талаблар қўйиши, уларни ҳамиша ўтмишдаги хатоларга йўл қўймасликка, давлат ишларига аралашмасликка чақиришини таъкидлади. 

“Мен бошқаларни танқид қилардим. Энди бу ҳолат ўзимга қайтиб келди. Жияним учун халқдан узр сўрайман. У одамларнинг фикрини ҳам тинглайди. Бу вазиятдан тўғри хулоса чиқаришига ишонаман. Қолаверса, у ўзининг янги ҳаётини бошлаб, оила қурмоқчи ва келажакда унинг ҳар бир ҳаракати оқилона бўлишига умид қиламан”, дейди Қирғизистон Президенти.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон Садир Жапаров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made