Жапаров яна Европарламентга норозилик билдирди

Олам

image

Бугун, 26 январь куни Европа парламенти депутатлари, жумладан, инсон ҳуқуқлари бўйича қуйи қўмита раиси Мунир Сатури бошчилигидаги делегация билан учрашувда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Европарламентнинг Қирғизистондаги вазият бўйича қабул қилган резолюцияларида “бирёқлама ва субъектив ёндашув яққол кўзга ташланаётгани” борасида ўз хавотирини билдирди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

“Сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Қирғизистон Республикасининг асосий устувор йўналишларидан биридир. Халқаро ҳамжамиятнинг фаол иштирокчиси ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси сифатида мамлакатимиз демократияни мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш ва халқаро мажбуриятларни бажариш борасида изчил чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Шу муносабат билан ушбу резолюциялар тайёрланаётганида Европа томони Қирғизистон томонидан тушунтириш ёки қўшимча маълумот сўраб мурожаат қилмагани тушунарсиз ҳолатдир”, деди Жапаров.

Мунир Сатури эса очиқ мулоқотга тайёр эканини билдирган. Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги стратегик ҳамкорлик муҳим вазифа бўлиб, учрашув натижалари икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича қуйи қўмита раиси президентни Қирғизистоннинг қўшни давлатлар билан чегара масалаларини ҳал этгани билан табриклаб, мамлакатнинг халқаро мажбуриятларини бажариш, жумладан, Венеция комиссияси тавсияларини амалга ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатларини эътироф этган.

Шунингдек, Европарламент депутатлари Қирғизистонда Социал-демократлар партиясининг бир аъзоси ҳибсга олингани борасида хавотир билдирган. Учрашув давомида ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари депутатларнинг барча саволларига батафсил жавоб бергани қайд этилган. Шу билан бирга, айрим сиёсатчиларга оид кичик масалалар икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш йўлида тўсиқ бўлмаслиги кераклиги таъкидланган.

Мунир Сатури ҳам бу фикрни қўллаб-қувватлаб, ҳамкорлик муайян партиялар масалалари билан чекланмаслиги лозимлигини қайд этган. Бундан ташқари, Европа Иттифоқининг Қирғизистондаги муваққат вакили Ханс Фарнҳаммер мамлакат вазирлик ва идоралари Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида катта ишларни амалга ошираётганини таъкидлаган.

Садир Жапаров эса Европа Иттифоқи билан мулоқот Қирғизистон учун муҳим устувор йўналиш бўлиб қолишини айтиб, Европарламент депутатларидан республикадаги ҳолат ҳақида холис ва ҳар томонлама ахборотни ўз ҳамкасблари ва Европа ҳамжамиятига етказишларига умид билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Европа парламенти депутатларини республика ишларига аралашмасликка ва мамлакатда содир бўлаётган воқеаларни ҳаққоний баҳолашга чақирган эди. Гап шундаки, Европа парламенти маҳаллий ҳокимият органларига бўладиган сайловлар олдидан сайловчиларни сотиб олишда гумон қилиниб ҳибсга олинган Қирғизистон социал-демократик партияси (ҚСДП) етакчиси Темирлан Султонбеков ҳимоясига резолюция қабул қилган эди. Султонбеков қўлга олингач, ҚСДП сайловларда иштирок этишдан четлаштирилган. Президентнинг фикрича, ҚСДП аъзоларининг хатти-ҳаракатлари жиноят ва бундай ҳолатга кўз юмиш мумкин эмас. Аммо Европа резолюция қабул қилиб, объектив омилларга эътибор қаратмаяпти. Шу билан бирга, Қирғизистон раҳбари мамлакат Европа давлатлари тажрибасини ўрганишга ва улар билан ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини қайд этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Садир Жапаров Европарламент Мунир Сатури

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг