Жапаров Кампиробод масаласини ковлаштираётганларнинг ниятини айтди
Олам
−
25 Октябрь 2022
18502Кеча, 24 октябрь куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга берилишига қарши чиқиб, қўлга олинган шахслар юзасидан “Kabar” ахборот агентлигига интервью берди. У сўнги икки йил давомида мухолифат ва жамоатчилик вакиллари билан айнан чегара масаласида фаол мулоқот қилиб келганини айтди.
“Сўнги икки йил давомида ҳамма билан суҳбат ўтказдим, маслаҳатлашдим. Шу йилнинг баҳорида ўндан ортиқ нодавлат-нотижорат ташкилотлар вакилларини кабинетимга таклиф қилиб, улар билан уч соат суҳбатлашдим. Улар биз амалга ошираётган ишлардан қониқиш ҳосил қилишди. Кампиробод масаласи оммага ошкор бўлишидан олдин мен бир қатор депутатларни, жумладан Адахон Мадумаровни ҳам Ҳукумат уйига таклиф қилиб, масалани атрофлича тушунтирганман”, дейди у
Шундан сўнг, Қирғизистон раҳбари чегара ҳудудлари аҳолиси билан учрашганини ҳам эслатган.
“Ўзганга бориб аҳоли билан учрашдим. Қолаверса Бишкекдаги ҳукумат уйида Боткен, Чотқол ва Ала-Бўкалик 300 дан зиёд фуқаролар билан учрашувлар ўтказдик. Кампирободда “Қурултой” уюштирганларни ҳам шу ерга таклиф қилдим. Учрашувимиз етти соат давом этди, тўхтовсиз суҳбатлашдик. Учрашувда фикр алмашганимиздан сўнг улар мамнун қиёфада кетишди, лекин улар яна ўз айтганларида туриб олишди”, дея таъкидлади Президент
Жапаровнинг фикрига кўра, Кампиробод сув омбори атрофидаги вазият мухолиф сиёсий кучлар учун шунчаки баҳона. Президент бу масалани ечиш учун уларни оғзини мойламаслигини айтди.
“Уларнинг кўпчилиги ушбу масала фонида мамлакатда бирор воқеа содир бўлиб уларга ҳам ҳокимиятдан мансаб тегишига умид қилмоқда. Мен ҳибсга олинган шахсларнинг олдига бордим. Кўпчилик билан шахсан учрашдим. Уларнинг аксарияти мендан лавозим сўради. Давлат бошқарувидаги лавозим резина эмас-ки ҳаммага етса. Тўғри, янги лавозимларни яратиб, уларни ҳаммага тарқатиб чиқиш мумкин. Лекин мен давлатнинг ҳар бир тийини учун ҳам жавобгарман. Қандай қилиб чиқиндиларни сотиб олишим мумкин? 7 миллион халқ олдида ҳар бир тийин менинг бўйнимда турибди. Агар мен қўрқоқ бўлганимда, 2010 йилдагидек ҳаракат қилиб, янги-янги кераксиз вазирликларни очиб, ҳар кимга лавозим тақсимлаган ва уларни тинчлантирган бўлардим. Лекин мен бу йўлдан бормайман. Чунки менинг қўрқадиган жойим йўқ. Чунки мен ҳеч нарса ўғирламадим”, дейди Жапаров
Шунингдек, Қирғизистон Президенти ҳозирда ҳибсхонада бўлганларни тақдири қандай бўлиши ва ҳаммаси қонуний амалга оширилиши ҳақида айтди.
“Қўлга олинганларнинг тақдирига тўхталадиган бўлсак мен бу масалага аралашолмайман. Бу масала ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қўлида. Улар халқ ва давлат хавфсизлиги учун жавобгар. Улар ўз зиммасидаги вазифани амалга оширишга қодир. Сўнги нуқтани эса суд қўяди. Ана ундан сўнг улар менга мурожаат қилишган тақдирда менда уларни афв этиш ҳуқуқи бўлади. Мана бу қонуний йўл”, дея таъкидлади Қирғизистон Президенти
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда Кампирободни ҳимоя қилиш қўмитаси тузилиб, уюшма таркибига сиёсатчилар ва партия аъзолари, фаоллар ва манфаатдор фуқаролар кирган.
23 октябрь куни эса Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан 22 киши ҳибсга олинган эди.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 26 сентябрь куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Қирғизистонга бориб, чегара борасида келишувни бошлаш тўғрисидаги баённомани имзолаганди.
6 октябрь куни, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ўзаро чегараларни келишиш давомида расмий Бишкек баҳсли ерларнинг 99 фоизини олганини ва ўз ерларини Ўзбекистонга бермаганини айтиб чиқди.
10 октябрь куни, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев Қирғизистонга жами 19 минг гектардан ортиқ ер олиб, Ўзбекистонга эса Кампиробод сув омбори акваториясидаги 4485 гектар ер берилишини маълум қилганди. Сув омборини икки давлат биргаликда бошқаришига келишилганини маълум қилди.
LiveБарчаси