Жанжал ва ур-йиқитга сабаб бўлган Сўхдаги Чашма муаммоси ҳал этиладиган бўляпти
Жамият
−
14 Ноябрь 2022
11636Қирғиз ва ўзбекистон фуқароларининг ёқалашишига сабаб бўлган Чашма булоғи бўйича Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида Ҳукуматлараро Битим тузишга келишиб олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов бугун, 14 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида маълум қилди.
Йиғилишда Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги сўнгги ўзгаришлар, хусусан, Бош вазир Абдулла Арипов ва Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев томонидан имзоланган шартнома масаласи муҳокама қилинди.
Мажлисда депутатлар “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги Шартномани (Бишкек, 2022 йил 3 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги Битимни (Бишкек, 2022 йил 3 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаларини кўриб чиқди.
Бош вазир Абдулла Ариповга кўра, демаркация жараёнида тартибга солиниши талаб этилаётган 10 та участка бўйича Қирғизистон томонидан олинаётган 429 гектар ер майдони ўрнига водий вилоятлари ҳудудидан 294 гектар майдонни алмашишга келишиб олинган.
Шунингдек, Ҳукумат раиси Сўх туманидаги булоқ бўйича режалаштирилаётган Битимга ҳам тўхталди.
“Фарғона вилоятининг Сўх туманида жойлашган, ўз даврида икки давлат чегара олди аҳолиси ўртасида катта низога сабаб бўлган Чашма булоғи бўйича ҳам алоҳида Ҳукуматлараро Битим тузишга келишилди. Бунда Чашма булоғидан биргаликда фойдаланиш, тозалаш ва бошқа масалалар ечимини назарда тутувчи Ўзбекистон ва Қиирғизистон манфаатларидан келиб чиққан алоҳида Битим имзоланади”, дейди Арипов.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 31 май куни Ўзбекистон Республикаси Сўх тумани Чашма қишлоғининг Қирғизистон Республикаси Боткен вилояти Қадамжой тумани Чечме айили билан чегарадош ҳудудида жойлашган “Чашма” булоғи бўйида Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон фуқаролари ўртасида булоқдан фойдаланиш юзасидан келиб чиққан низо оқибатида оммавий тартибсизликлар рўй берганди.
Ушбу низони бартараф этиш мақсадида Сўх тумани Чашма қишлоғига етиб борган маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига тартиббузарлар томонидан фаол қаршилик кўрсатилиб, уларга турли даражада шикастлар етказилган.
"Сўх воқеалари”га оид жиноят иши бўйича суд муҳокамаси очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида олиб борилиб, ишни кўришда 22 нафар судланувчи, 36 нафар жабрланувчи ва 21 нафар гувоҳлар сўроқ қилинган.
Чегара ҳудудидаги тўқнашув ортидан Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Сўх туманига борганди. У Боткен вилоятида Қирғизистон Бош вазири биринчи ўринбосари Кубатбек Боронов билан учрашганди.
Жорий йилнинг 18 март куни Фарғона вилоят судида Сўх туманида бўлиб ўтган оммавий тартибсизликлар юзасидан айбланган 22 нафар шахсга ҳукм чиқарилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь