Жанубий Кореяда сув тошқинлари қурбонлари сони 39 кишига етди
Олам
−
17 Июль 2023
2690Жанубий Кореяда бир неча ҳафтадан буён давом этаётган ёмғирлар ва сув тошқинлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 39 кишига етди. Бу ҳақда “ABC News” хабар берди.
Июнь ойи охирида бошланган ёғингарчилик мавсуми ўзининг энг юқори чўққисига чиққани сабабли Жанубий Кореянинг марказий ва жанубий вилоятларини сув босган. Сўнгги бир неча кун ичида бутун мамлакат бўйлаб 8,8 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинган.
Хабар қилинишича, ўлим ҳолатларининг 12 таси Чхонжу марказий шаҳридаги туннелда содир бўлган, у ерда яқин атрофдаги дарёда тўғон қулаганидан кейин 16 га яқин автомобиль, жумладан, автобус сув остида қолган. Яна 9 киши жароҳатланган.
Ички ишлар вазирлигига кўра, 9 киши бедарак йўқолган ва 34 киши яраланган.
Мамлакат Президенти Юн Сок Ёл табиий офатларга қарши кураш бўйича ички йиғилиш ўтказиб, ҳукуматни жабрланганларни қутқариш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишга чақирган. Шунингдек, реконструкция ишларини қўллаб-қувватлашга, жумладан, зарар кўрган ҳудудларни махсус офат зоналари сифатида белгилашга ваъда берган.
9 июлдан буён Жанубий Чхунчхон провинциясининг Конжу ва Чхоньян шаҳарларида 60 сантиметрдан ортиқ ёмғир ёғган.
Маълумотларга кўра, ёмғир 50 га яқин йўл ва 100 дан ортиқ уйни вайрон қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси сув тошқинлари ва кўчкилар оқибатида ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар орасида ўзбекистонликлар аниқланмаганини маълум қилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь