Жанубий Кореяда коронавирус билан боғлиқ антирекорд қайд этилди

Олам

image

Жанубий Кореяда сўнгги бир кун ичида 1 минг 241 та янги коронавирус инфекцияси ҳолати аниқланган. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Чонг Се Гюн маълум қилган. 

Унинг таъкидлашича, бу мамлакат учун янги антирекорд ҳисобланади.

Бош вазир маҳаллий мутасаддиларни ижтимоий масофа сақлаш қоидаларининг бузилишига қарши қаттиқ чоралар кўришга чақирган. 

Унинг айтишича, мамлакат аҳолисининг аксарияти барча талабларни виждонан бажаради, бироқ шахсий манфаат йўлида юрган бир неча бузғунчилар ҳамма нарсани бузади. Бу эса Жанубий Корея халқининг юқумли касаллик тарқалишига қарши курашиши учун имкон бермайди. 

Бош вазирнинг сўзларига кўра, мамлакатдаги баъзи ресторан ва барлар, тақиққа зид равишда, соат 21:00 дан кейин ҳам мижозларга хизмат кўрсатишда давом этмоқда. Яъни, эшикларини қулфлаб, кўчадан кўринадиган чироқларни ўчириб, ичкарида ишини давом эттирмоқда.

Маълумот ўрнида, 23 декабрдан бошлаб мамлакатда кўча ва ресторанларда тўртдан ортиқ одам йиғилиши тақиқланган. 

Шунингдек, Янги йил байрами кунларида мамлакатдаги чанғи курортлари ва бошқа сайёҳлик марказлари ёпилади. 

Жанубий Кореяда пандемия бошланганидан бери 54 минг 770 кишида коронавирус аниқланган. 38 минг 48 нафар бемор соғайган. 773 киши вафот этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Жанубий Корея коронавирус

Баҳолаганлар

162

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг