Жанубий Корея Президенти Ўзбекистонга ташрифи давомида 2 та шаҳарда бўлади
Жамият
−
11 Июнь
15494Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль 13-15 июнь кунлари давлат ташрифи билан мамлакатда бўлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ташриф дастурига мувофиқ, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган олий даражадаги музокараларда Ўзбекистон-Корея дўстлик ва алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади.
"Савдо, инновациялар ва технологиялар алмашинуви, энергетика, электроника ва электротехника, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилмавий ривожланиш ва бошқа устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари эътибор марказида бўлади. Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва туризм соҳаларидаги қўшма дастурлар муҳокама қилинади", дейилади хабарда.
Шунингдек, минтақавий, шу жумладан "Марказий Осиё – Корея Республикаси" форматидаги ҳамкорлик юзасидан ҳам фикр алмашиш режалаштирилган. Саммит якунлари бўйича бир қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.
Ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида Ўзбекистон ва Жанубий Корея Президентлари қўшма бизнес форумида иштирок этади. Президент Юн Сок Ёль Ўзбекистоннинг бой маданий-тарихий мероси билан танишиш мақсадида Самарқанд шаҳрига ташриф буюради.
Маълумот учун, Юн Сок Ёль 10-11 июнь кунлари Марказий Осиё бўйлаб сафари доирасида Туркманистонга давлат ташрифини амалга оширади. Жанубий Корея раҳбари 11-13 июнь кунлари Қозоғистонга, кейин эса Ўзбекистонга ташриф буюради.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Юн Сок Ёль Туркманистон раҳбари Сердар Бердимуҳамедовни ўз мамлакатига ташриф буюришга таклиф қилганди.
LiveБарчаси