Юн Сок Ёль Бердимуҳамедовни Кореяга таклиф қилди
Олам
−
11 Июнь
3244Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль Туркманистон раҳбари Сердар Бердимуҳамедовни ўз мамлакатига ташриф буюришга таклиф қилди. Бу ҳақда “Нейтрал Туркманистон” расмий газетаси хабар берди.
Юн Сок Ёль давлат ташрифи билан Туркманистонда. У Бердимуҳамедовни ҳар икки томон учун қулай вақтда Жанубий Кореяга ташриф буюришни таклиф қилди. Нашрнинг ёзишича, Туркманистон Президенти таклифни миннатдорчилик билан қабул қилган, ташриф саналари дипломатик каналлар орқали келишиб олинади.
Музокаралар якунлари бўйича қўшма баёнотда давлат раҳбарларининг икки томонлама учрашуви дўстона ва илиқ муҳитда ўтгани қайд этилди. Унда иқтисодий, ижтимоий ва маданий соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш истиқболлари, томонларни қизиқтирган минтақавий ва глобал масалалар муҳокама қилинди, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли шерикликни янада ривожлантириш ва умумий фаровонликка кўмаклашишга келишиб олинди.
Давлат раҳбарлари икки мамлакат халқлари ўртасидаги гуманитар алмашинувлар мустаҳкам ва узоқ муддатли муносабатлар ўрнатишнинг ғоят муҳим воситаси сифатида муҳимлигини тасдиқладилар ҳамда маданият, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт ва туризм соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди.
Юн Сок Ёль 10-11 июнь кунлари Марказий Осиё бўйлаб сафари доирасида Туркманистонга давлат ташрифини амалга оширади. Жанубий Корея раҳбари 11-13 июнь кунлари Қозоғистонга, кейин эса Ўзбекистонга ташриф буюради.
LiveБарчаси