Жанубий Корея Президенти Шимолий Кореядан узр сўради
Олам
−
14:10 9143 2 дақиқа
Жанубий Корея Президенти Ли Чже Мён Шимолий Корея томонга дронлар учирилиши билан боғлиқ ҳодиса туфайли КХДРдан узр сўради. Бу ҳақда у бугун, 6 апрель куни Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида сўз очди.
Корея Республикаси раҳбари дронлар учирилишига мутасадди шахсларнинг “масъулиятсиз ва мулоҳазасиз хатти-ҳаракатлари” сабаб бўлганини айтган.
“Гарчи бу ҳукуматимизнинг нияти бўлмаса-да, баъзи масъулиятсиз ва мулоҳазасиз ҳаракатлар келтириб чиқарган кераксиз ҳарбий кескинлик учун Шимолий Кореяга афсусда эканимни билдираман”, дейди Ли Чже Мён.
У Корея Республикаси Конституцияси ва қонунлари “Шимолий Кореяни хусусий тартибда провокация қилишни” тақиқлашини қўшимча қилган.
“Глобал можаролар шароитида умумий қоидалар ва ўзаро манфаатдорликка асосланган халқаро тартиб жиддий равишда заифлашди. Бундай вақтда Корея яриморолидаги тинчлик ва барқарорлик биринчи даражали аҳамиятга эга ва биз масъулият ўз зиммамизда эканини аниқ англашимиз керак.
Халқаро тартибдаги кескин ўзгаришларни диққат билан кузатиб борган ҳолда, Корея яриморолида тинчликни таъминлаш учун янада масъулиятли ҳаракатлар қилиш вақти келди”, дейди Жанубий Корея раҳбари.
Қайд этилишича, бу Жанубий Корея Президентининг дрон билан боғлиқ ҳодиса учун Шимолий Кореяга бевосита афсус билдирган биринчи ҳолатидир.
Аниқлик киритилишича, воқеанинг ўзи 31 март куни содир бўлган. Бирлашган ҳарбий-полиция тезкор гуруҳи юз берган ҳодисани “алоҳида шахснинг оғиши” (қонунбузарлиги) деб баҳолаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ КХДР етакчиси Ким Чен Ин 15-чақириқ Олий халқ мажлисининг биринчи сессиясидаги дастурий нутқида Жанубий Кореяни расман “энг ашаддий душман давлат” деб эълон қилган эди.
Live
Барчаси