Жанубий Корея АҚШ билан қўшма машғулотларни бошлади
Олам
−
21 Август 2023
3356Бугун, 21 август куни Корея Республикаси ва Америка Қўшма Штатларининг ҳарбий хизматчилари Ulchi Freedom Shield қўшма машғулотларини ўтказишни бошлади. Комбинацияланган машғулотлар 31 августга қадар давом этади. Бу ҳақда “Yonhap” агентлиги хабар берди.
Тўлиқ миқёсли уруш сценарийси ишлаб чиқилаётган Ulchi Freedom Shield машғулотларида дала ва компьютер симуляцияси асосида қўмондонлик-штаб машқлари ҳамда фуқаро муҳофазаси машқларини бажариш кўзда тутилган.
Таъкидланишича, жорий йилда Ulchi Freedom Shield дастури доирасида 30 га яқин қўшма дала ўқув машғулотлари ўтказилиши режалаштирилган. Ўтган ёзда бўлиб ўтган шу турдаги қўшма машғулотларда 13 та, шу йил баҳорда эса 25 та манёвр бажарилган.
Бундан ташқари, машғулотларда БМТ қўмондонлигига аъзо давлатлар, хусусан, Австралия, Буюк Британия, Канада, Таиланд, Филиппин ва Франция вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Жанубий Корея Мудофаа вазирлиги Америка Қўшма Штатлари билан ўтказиладиган қўшма машғулотлар фонида Шимолий Корея томонидан жавоб чоралари қўлланиши мумкинлигини маълум қилган. Шундай бўлган тақдирда Жанубий Корея ҳарбийлари ўз тайёргарлик даражасини ошириши таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёль ўз мақсадларига эришиш учун Шимолий Корея ядро қуролидан фойдаланиши мумкинлигини айтган эди. 18 август куни Вашингтон яқинидаги Кэмп Дэвиддаги қароргоҳда бўлиб ўтган АҚШ-Япония-Жанубий Корея саммитида ҳам Шимолий Кореяга қарши кураш масаласи муҳокама қилинганди.
LiveБарчаси