Жанубий Африка Путинни ҳибсга олмаслик йўлларини қидирмоқда
Олам
−
01 Июнь 2023
6163Жанубий Африка Россия Президенти Владимир Путин август ойида бўлиб ўтадиган BRICS саммитига борса, Халқаро жиноий суд (ХЖС)нинг уни ҳибсга олиш учун чиқарган ордерини четлаб ўтиш вариантларини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
ХЖС аъзоси бўлган Жанубий Африка назарий жиҳатдан март ойида суд томонидан чиқарилган ордер бўйича Путинни ҳибсга олиши керак. Бироқ Жанубий Африка ордер чиқишидан олдин яъни 25 январь куни Путинни август ойида Йоханнесбургда бўладиган BRICS саммитига таклиф қилган.
Исми ошкор қилинмаган юқори мартабали ҳукумат амалдорининг сўзларига кўра, Жанубий Африка расмийлари орасида BRICS’нинг олдинги раиси Хитойдан саммитни ўтказишни сўраш ниятида. Бироқ Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков BRICS саммити Жанубий Африкадан Хитойга кўчирилиши ҳақидаги хабарлар сохта эканини маълум қилган. Кремль эса Россия саммитда "тегишли даражада" иштирок этишини айтган.
Халқаро муносабатларга оид қарашлари ҳукумат амалдорлари орасида катта таъсирга эга бўлган ЖАР собиқ президенти Тҳабо Мбеки саммит Жанубий Африкада бўлиб ўтмаслигини тахмин қилган.
“Қонуний мажбуриятларимиз туфайли биз Президент Путинни ҳибсга олишимиз керак, аммо буни қила олмаймиз”, дейди Мбеки.
Яна бир ЖАР расмийси Обед Бапеланинг таъкидлашича, Жанубий Африка Преторияга ХСЖ томонидан қидирилаётган раҳбарларни ҳибсга олиш ёки ҳибсга олмаслик имкониятини берадиган қонун қабул қилишни режалаштирмоқда.
Бапела изоҳ бериш сўровларига жавоб бермаган. Бироқ мамлакат Адлия департаменти мулозимининг айтишича, саммитдан олдин бундай қонун парламент томонидан маъқулланиши учун вақт етарли эмас.
Маълумот учун, Жанубий Африка Суданнинг собиқ президенти, геноцидда айбланиб, қидирувда бўлган Умар ал-Башир 2015 йилда Йоханнесбургда бўлиб ўтган Африка Иттифоқи саммитида иштирок этганида уни ҳибсга ололмаган. Бу эса норозиликка сабаб бўлган. Шундан сўнг ЖАР ХЖСдан чиқиш ниятида эканини билдирган. Бироқ Африка Миллий Конгресси ўтган йилнинг декабрь ойида Жанубий Африка бу жараёндан воз кечиб, ХЖСга ўзгартиришлар киритишга ҳаракат қилиши керак, деган қарорга келган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 март куни Гаагадаги Халқаро жиноий суд Россия Президенти Владимир Путин ва болалар омбудсмани Мария Львова-Беловани ҳибсга олишга ордер берган, чунки улар болаларнинг ноқонуний депортацияси билан боғлиқ ҳарбий жиноятлар учун жавобгар деб топилганди. Жанубий Африка ҳукумати Владимир Путинни бўлажак BRICS саммитида иштирок этишдан бош тортишга чақирди ва Кремлни Путинни видеоалоқа орқали саммитда иштирок этишга кўндиришга уринди.