Жангарилар сафига қўшилишга уринган шахс Андижонда қўлга олинди
3-саҳифа
−
29 Июль 2023
8733Суриядаги жангарилар сафига қўшилмоқчи бўлган Андижон вилоятида яшовчи шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат Хавфсизлик хизмати матбуот хизмати хабар берди.
Айтилишича, Андижон вилоятида яшовчи, 1993 йилда туғилган И.У. 2021-2022 йилларда Туркиянинг Истанбул шаҳрида ишлаган даврида Суриядаги террористик ташкилот ёлловчиларининг таъсирига тушиб, уларнинг сафига бориб қўшилишни режа қилган.
Шу мақсадда И.У. бир неча бор Сурияга ўтишга уринган, лекин, Туркия чегарачилари бунга имкон бермаган. Навбатдаги уриниш вақтида эса у ҳарбийлар томонидан қўлга олиниб, Ўзбекистонга депортация қилинган.
ДХХга кўра, мазкур шахс доимий яшаш манзилига қайтиб келганидан кейин ҳам ижтимоий тармоқлар орқали террористик ташкилот аъзолари билан алоқада бўлган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бўйича Бошқармаси томонидан амалга оширилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида И.У.нинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилган ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судининг ҳукмига кўра, И.У. Жиноят Кодексининг 1552 ва 2442- моддалари билан айбдор деб топилиб, 8 йилу 1 ой муддатга озодликдан махрум этилган.